Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент ва вилоят марказларига экологик заҳарли машиналар киритилмаслиги ёки бунинг учун тўлов жорий этилиши мумкин – лойиҳа

Тошкент ва вилоят марказларига экологик заҳарли машиналар киритилмаслиги ёки бунинг учун тўлов жорий этилиши мумкин – лойиҳа

Фото: Xabar.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида “Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди. Агар ҳужжат жамоатчилик муҳокамасидан ўтса, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлигининг қуйидаги таклифлари қабул қилиниши мумкин:

  • юридик ва жисмоний шахсларнинг фойдаланувида бўлган бензин, дизел ва газ двигателлари билан жиҳозланган М ва N тоифалардаги ғилдиракли транспорт воситаларидан ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативлар (транспорт воситалари ташламаларининг нормативлари)га мослигини назорат қилиш тизимини жорий этиш;
  • атмосфера ҳавосига зарарли таъсири транспорт воситалари ташламаларининг нормативларидан юқори бўлган транспорт воситаларига нисбатан компенсация тўловларини ва (ёки) улардан фойдаланишни чеклаш чораларини татбиқ этиш;
  • транспорт воситалари ташламаларининг нормативларга мослигини назорат қилиш ишларига тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш;
  • ҳудудларда “Эко пост”ларни ташкил этиш учун хусусий инвестиция маблағларини жалб қилиш ва янги иш ўринларини яратиш;
  • газ, бензин ва дизел двигателлари билан жиҳозланган М ва N тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларини фойдаланиш ва уларни сотиш мақсадида “вақтинча олиб кириш” ва “эркин муомалага чиқариш (импорт қилиш)” божхона режимига жойлаштириш уларнинг заҳарлилик даражаси Евро-4 ва ундан юқори ёхуд Евро-4да келтирилган экологик талаблардан паст бўлмаган ўхшаш экологик тоифа талабларига мувофиқлигини экологик сертификатлаш тартибида амалга оширилиши.

Қарор лойиҳасида транспорт воситалари ташламаларининг нормативларга мослигини назорат қилиш лаборатория синовларини ўтказиш орқали қуйидаги босқичларда амалга оширилиши белгиланган:

  • 2024 йил 1 июлдан бошлаб – барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган ташкилотлар фойдаланувида бўлган транспорт воситалари учун мажбурий тартибда;
  • 2025 йил 1 январдан бошлаб – барча бошқа юридик шахслар фойдаланувида бўлган транспорт воситалари учун ихтиёрий тартибда;
  • 2025 йил 1 июлдан бошлаб – барча жисмоний шахслар фойдаланувида бўлган транспорт воситалари учун ихтиёрий тартибда;

Шунингдек, атмосфера ҳавосига зарарли таъсири транспорт воситалари ташламаларининг нормативларидан юқори бўлган транспорт воситалари бўйича:

  • юридик шахсларга – компенсация тўловларини татбиқ этиш ва 2025 йил 1 сентябрдан ташламаларининг нормативларга мослиги тасдиқланмаган транспорт воситаларидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказлари ҳудудида фойдаланишни ман этиш;
  • жисмоний шахсларга – 2025 йил 1 сентябрдан ташламаларининг нормативларга мослиги тасдиқланмаган транспорт воситаларидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказлари ҳудудида фойдаланишни тақиқлаш чоралари қўлланади.

Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жараёнларида транспорт воситалари ташламаларининг нормативларга мувофиқлигини баҳолаш талаб этилмайди.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 17 ноябрга қадар давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг