Йўловчими, ҳайдовчими ёки ЙПХ ходими? Йўл-транспорт ҳодисаларига аслида ким сабабчи?
2017 йилнинг 11 ойида мамлакатимиз йўлларида 3,5 миллион қоидабузарлик аниқланган. 61 минг ҳайдовчи рулга маст ҳолда ўтирган. 2,2 мингдан зиёд инсон шундайларнинг касрига қолиб, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган. Бу рақам ортида миллиардлаб иқтисодий зарар, яқинидан ажраган ўксик кўнгилларнинг аламли кўз ёши турибди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси тақдим этган маълумотлар ичида бошқа қоидабузарликлар камайгани ҳолда пиёдалар томонидан содир этилган қоидабузарликлар кўпайгани қайд этилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддасида пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жаримага сабаб бўлиши белгиланган. Агар бу авария ҳолатини вужудга келтирса, энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга олиб келади. Аммо фуқароларимизнинг кўпчилиги бундай меъёр борлигидан ё бехабар, ёки билса-да, атайлаб қоидаларни бузаверади.
Ким айбдор
Яқинда Интернет тармоғида бир фожиа ҳақида ёзилди. Пойтахтимизнинг Амир Темур шоҳкўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган «Ласетти» автомошинаси тўсиқ орасидан тўсатдан чиққан пиёдани уриб юбормаслик учун рулни кескин буради. Автомашинани бўйсиндира олмаган ҳайдовчи кучли зарб билан йўл четига бориб урилади. Ушбу йўл транспорти ҳодисаси натижасида ҳайдовчи вафот этади. Аниқланишича, у университет талабаси бўлган. Пиёданинг бепарволиги, ҳайдовчи эса тезликни меъёридан ошириб юборгани учун ана шундай фалокат рўй берди.
ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан пиёдалар билан боғлиқ қўпол қоидабузарликлар аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши, тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай, ҳали-ҳануз жавобгарлик ва масъулиятни ҳис этмайдиган бепарво юртдошларимиз учраётгани жиддий ташвиш уйғотади. Улар нафақат ўзларининг, балки бошқа ҳаракат иштирокчиларининг ҳам ҳаётини ҳавф остига қўймоқда.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда йўл ҳаракати ҳодисаларининг 54,5 фоизи пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда. Бунга асосан уларнинг светофор ишораларига, йўл белгиларига, йўл чизиқларининг талабларига риоя этмаслиги, йўлнинг пиёдалар учун тақиқланган қатнов қисмида бўлиши, ҳаракат вақтида телефондан фойдаланиши сабаб бўлмоқда.
Амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 19-бандига кўра, ҳаракат тартибга солинмайдиган пиёдалар ўтиш жойларида, пиёдалар яқинлашиб келаётган транспорт воситаларигача бўлган масофани ва уларнинг тезлигини чамалаб кўриб, ўтиш ўзлари учун хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг йўлнинг қатнов қисмига чиқишларига рухсат этилади. Шунингдек, улар йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида кесиб ўтишда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига халақит бермасликлари, яқинлашиб келаётган транспорт воситаларининг йўқлигига ишонч ҳосил қилмасдан туриб, кўринишни чекловчи, тўхтаб турган транспорт воситаси ёки бошқа бирор тўсиқ панасидан чиқмасликлари керак.
Аксарият ҳолларда пиёдалар қоидаларда белгиланган ана шу масъулиятни ҳис қилмайди. Кўп полосали йўллардан мутлақо бефарқ, орқа-олдига қарамай ўтиб кетаверади. Пиёдалар йўлакларида ўрнатилган светофор ишорасига бўйсунмай, ҳайдовчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлади. Баъзан негадир, буни кузатиб турган йўл-патрул хизмати инспектори ҳам пиёданинг нотўғри хатти-ҳаракатига муносабат билдирмайди. Шундай ҳолатда йўл-транспорт ҳодисаси юз берса, айбдор ҳайдовчи бўлиб қолаверади.
Шоҳкўчадаги хатар
Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони йўллардаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари билан боғлиқ. Пойтахтимиздаги айрим серқатнов кўчаларда ана шундай пиёдалар ўтиш жойлари борки, у туғдираётган хавф ҳар қандай тажрибали ҳайдовчини ҳам шошириб қўяди. Масалан, юқоридаги мисолда тилга олинган Амир Темур шоҳкўчасини олайлик. Саккиз полосали, текис ва равон, тунги вақтларда ёруғ бўлишига қарамай, мазкур кўча йўл ҳаракати иштирокчилари учун анчайин хавф туғдиради.
Куннинг исталган вақтида жуда серқатнов бўладиган мазкур кўчанинг маълум бир қисмида бир нечта пиёдалар ўтиш жойлари мавжуд. Ҳайдовчиларнинг фикрича, улар ичидаги ҳаракатга энг хавф туғдирадигани бу Қозоғистон кинотеатри ёнидаги пиёдалар ўтиш жойидир. У шундоққина автобуслар тўхтайдиган бекатга туташиб кетган. Бекатда тушган йўловчига кўчанинг нариги томонига ўтиш учун автобус халақит қилади. Автобус панасида қолиб кетган йўловчи ҳаракатдаги бошқа автоуловларни кўра олмайди. Натижада қалтис ҳаракат қилишга мажбур бўлади. Хотиржам машинасини бошқариб келаётган ҳайдовчи тўсатдан чиқиб қолган пиёдани кўргач, табиийки, тормозни қаттиқ босади. Улгурса-ку майли, агар тезлиги катта бўлса, пиёдани уриб кетиши аниқ. Агар бундай бўлмаса-да, орқадан келаётган бошқа автоулов билан тўқнашиб, жиддий йўл транспорт ҳодисасига, хавфли вазиятлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Ана шуларни ҳисобга олиб, энг аввало, йўл ҳаракати барча иштирокчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини мунтазам ошириб бориш зарур. Бунда қоидани бузаётган пиёда ёки ҳайдовчига нисбатан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳам яхши самара беради. Бундан ташқари, масъул ташкилотлар ҳамкорликда йўл транспорт ҳодисалари энг кўп содир бўлаётган чорраҳалар, пиёдалар ўтиш жойларини аниқлаб, мазур ҳудудларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриб борса мақсадга мувофиқ бўларди. Балки тегишли комиссия хулосалари асосида серқатнов кўчаларимизда ер усти кўприкли пиёдалар ўтиш жойларини қуриш масаласини кун тартибига қўйиш лозимдир. Зеро, инсон ҳаёти, шаъни олий қадрият даражасига кўтарилган мамлакатимизда, масалага беэътибор қараш яна кўплаб инсонларнинг умрига зомин бўлиши, транспорт воситалари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ортишига сабаб бўлиши мумкин.
Қаҳрамон Сайдалиев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter