Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яроқсиз «Cobalt» етказилиши устидан ўрганиш бошланди

Яроқсиз «Cobalt» етказилиши устидан ўрганиш бошланди

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг сўров хатига асосан, «UZAUTO MOTORS» АЖ томонидан истеъмолчиларга «Chevrolet Cobalt» русумли 4-позиция автомобиллари ўриндиғини иситиш модулисиз етказиб бериш масаласини «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб бормоқда. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати маълум қилди.

Ўрганиш натижалари ҳақидаги маълумот агентлик расмий саҳифалари орқали батафсил эълон қилиниши қайд этилган.

Аввалроқ депутат Расул Кушербаев «UzAuto Motors» 4-позиция «Chevrolet Cobalt»ни кутаётган мижозларга автомобил ўриндиғини иситиш модулисиз таклиф этаётгани юзасидан муносабат билдириб, қатор саволларни ўртага қўйганди. 

Биринчи, истеъмолчига компания яримўтказгич топа олдими йўқми қизиғи йўқ. У ҳақини тўлаган вассалом.

Компания нега бошқа мамлакатлар автомобил саноатига ўхшаб, аввал автомобилни ишлаб чиқариб кейин сотувга чиқармаяпти? Нега йўқ нарсага олдиндан пул олади?

Иккинчи, компаниянинг истеъмолчига кўрсатмаган хизмат ёки бермаган товари учун олдиндан ҳақ тўлаб ишлаши ҳалол ва қонунийми?

Учинчи, компания нуқсонли товар бергани ёки  истеъмолчига вақтида товарни бермагани учун неустойка(пеня) ҳам тўлаши керак. Бунинг ҳисоб-китоби борми?

Чунки, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасида «Нуқсонлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган, шунингдек, иш бажаришни (хизмат кўрсатишни) бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда, ижрочи истеъмолчи ҳар бир кечиктирилган кун, соат (агар муддат соатларда белгиланган бўлса) учун иш (хизмат) қийматининг ёки буюртма қийматини (агар унинг қиймати алоҳида белгиланмаган бўлса) бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди», деган норма бор.

Оддий айтганда, кимдир 100 млн сўмлик автомбилга пул тўлади-ю, автомобил айтилган комплектацияда бўлмаса ёки вақтида ҳаридорга етказиб берилмаса, ҳар ўтказиб юборилган кун учун унга 1 млн.дан пул тўланади. Агар 100 кун кечикса 100 млн тўлайди.

Айтганча, шу қонун нормасини компанияга янги келган хорижлик бош директоргаям билдириб қўйишса яхши бўларди, — деб ёзганди депутат.

Ушбулардан келиб чиқиб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига айни ҳолатни ўрганиб, истеъмолчиларни ҳимоя қилиш масаласида расман сўров киритилганини ҳам қайд этганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг