Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Найранги қирқ эшакка юк бўлади» — Tracker нархи 285 млнгача, Onix эса 230 млнгача оширилди

«Найранги қирқ эшакка юк бўлади» — Tracker нархи 285 млнгача, Onix эса 230 млнгача оширилди

Бугундан «UzAuto Motors» «янгиланган» тамғаси остида Chevrolet Tracker ва Onix автомобилларининг айрим комплектациялари учун шартнома беришни бошлади.

Нархлар оширилмаслигини билдирган компания «янгиланган» комплектациялар учун сезиларли даражада оширилган нархларни эълон қилди. Унга кўра, «Chevrolet Tracker» 285 834 080 сўмгача, «Chevrolet Onix» 230 624 800 сўмгача белгиланган.

Монопол компания «Onix»нинг арзон моделлерини сотувдан олиб ташлагани ҳам маълум бўлди.

«Монополист UzAuto Motors’нинг найранглари қирқ эшакка юк бўлади. Шайтонга дарс беради, лекин оммага доим ўзини фаришта кўрсатишга уринади.

Эртадан гўёки "одолжение" қилиб Onix учун нархларни оширмай контрактацияни тиклаётган монополист шу баҳонада 149 млн. сўмдан 159 млн. сўмгача бўлган энг арзон механика коробка, шунингдек, 185 млн. сўмлик базавий автомат коробка модификацияларини контрактация рўйхатидан буткул олиб ташламоқда.

Ўтган йили ноябрда Onix учун сотувлар бошланганида мазкур, нисбатан арзон модификациялар учун шартнома топиш ўта мушкул бўлса-да, имконли эди. 2023 йил январида Onix’нинг арзон моделлари учун контрактация ёпилгани бўйича қайта тикланмади. Мана энди эса расман, де-юре бекор бўлмоқда.

Монополистнинг ўрта ва қуйи даромадли истеъмолчиларни жазолашга ва хўрлашга қаратилган бу усули илгарироқ Спарк ва Нексия-3 сотувларида ҳам қўлланилган», — деб ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров.

Бошқа бир иқтисодчи эса шартномага чиқарилган «ҳамёнбоп» моделларни олиш учун бир йил кутиш кераклигига эътибор қаратган.

«Сиз UzAuto’дан энг «ҳамёнбоп» автомобилни қарийб бир йилдан кейин — 2024 йил февралининг охирида оласиз. Ва агар шартномада етказиб бериш муддатини узайтириш ҳақида банд борлигини эсласангиз, уни бир йилдан кейин оламан деб ҳисоблайверинг.

Ушбу схемани ким ишлаб чиққанини билмайман — лекин сиз даҳоларсиз, ҳеч ким 0% га айланма маблағни жалб қилишнинг бундай усулини ўйлаб топмаган», деб ёзади Kurbanoff.net канали муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UzAuto Motors нархлар оширилишини рад этиб чиққанди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг