Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тошкентга трамвайни қайтарамиз» — Президент

«Тошкентга трамвайни қайтарамиз» — Президент

Фото: «Газета.uz»

Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Самарқанд вилоятида бўлиб турибди. Давлат раҳбари вилоятдаги ободонлаштириш ишлари ва янги қурилаётган иншоотлар билан танишиш асносида Самарқанд шаҳрида янги қурилган йўл ўтказгични ҳам кўздан кечирди.

Xabar.uz мухбири томонидан маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев мутасаддилар билан мулоқот чоғида йўл ҳаракати хавфсизлигига эътибор қаратиш ўта муҳим зарурат эканини алоҳида таъкидлаб ўтган.

— Ҳар бир ҳоким ўз ҳудудидаги йўлларда ҳар ой юриб туриши шарт. Қаерга янги светофор ўрнатиш керак, қай бирининг жойини ўзгартириши лозим, буларни ўрганиб борадиган илмий-таҳлилий марказ фаолияти ҳам йўлга қўйилиши керак.

Машиналар, одамлар кўпайяпти, лекин светофорларимиз, йўлларимиз ҳали эски. Уларни замонга мослаштириш керак. Хозир машина ҳар ой эмас, ҳар куни кўпаймоқда. Эскича қарашлар билан хавфсизликни таъминлай олмаймиз. Шаҳарда энг юқори тезликни соатига 60 километрга қадар тушириш керак. Бу борада қарор қабул қиламиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент шунингдек трамвайлар фаолиятига ҳам юқори баҳо берди ва унинг йўналишини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

— Трамвай — экологик жиҳатдан тоза ва хавфсиз транспортдир. Самарқанд аҳолиси бир миллионга етиши кутилмоқда, бу шаҳарга трамвай зарур бўлгани учун олиб келганмиз. Унинг йўналишини кенгайтириш ва бунга давлат хусусий шериклиги асосида инвесторларни жалб этиш керак. Ўнта автобус олгандан кўра иккита вагон  қўйган афзал эмасми?

Умуман, Тошкентга ҳам трамвайни қайтарамиз. Менга айнан шундай таклиф билан кўп хат ва мулоҳазалар келиб турибди, — деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг