Светофорнинг зарари қанча?
Май ойининг бошида Тошкент шаҳри Бунёдкор шоҳ кўчасининг машиналар ўта серқатнов қисмида – «Новза» масжиди рўпарасида светофор пайдо бўлди.
Аниқланишича, ушбу светофор Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилиб, шаҳар ҳокимининг қарори билан Бунёдкор шоҳ кўчасининг 3,3 километрига ўрнатилган.
Хабарингиз бор, Президентимиз ташаббуси билан 2018 йил август ойида Бунёдкор шоҳ кўчаси билан Муқумий кўчаси чорраҳасида кўприк қурилган эди. Бу қатновни қанчалик яхшилагани, тирбандликнинг олдини олганини, одамларнинг вақтини тежаш, оз бўлсада бензин сарфини, атроф-муҳитга заҳарли газлар чиқарилишини камайтиришда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлганини ортиқча изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.
Қарангки, шаҳар мутасаддилари бу ишлардан мутлақо хабарсиз, шаҳарда тирбандликнинг олдини олиш бугун нақадар муҳим муаммога айланганини билмайди шекилли, шу кўприкдан шундоқ тушиб келиш жойига сунъий тўсиқ – светофор ўрнаттириб қўйибди. Оқибатда куннинг тиғиз пайтларида йўл ўтказгичнинг усти, ҳатто унга чиқиш қисми автомашиналарга тўлиб кетди.
Айрим ҳолларда йўл ўтказгич устида, унга чиқиш қисмида оғир юки билан ўнлаб юк автомобиллари ҳам тўхтаб қолди. Тўхтаб қолган юк автомобилининг қўзғалиши ҳам осон эмас. Айниқса юқорига қараб ҳаракатланишда. Бундай пайтда унинг устидаги 20 тонна, 40 тонна юк йўл ўтказгичга қанчалик катта босим беришини тушуниш учун механик ёки муҳандис бўлиш шарт эмас назаримизда. Бундай ҳолат сурункали давом этиши ҳар қандай мустаҳкам йўл ўтказгични ҳам ишдан чиқариши, ҳатто қулаб тушишига сабаб бўлиши мумкин.
Мутахассисларнинг айтишларига қараганда бу йўл бир соатда 8-10 минг автомобилни ўтказишга мўлжалланган. Лекин куннинг тиғиз вақтларида бундан анча кўп автомобиль ўтиб-қайтади. Энди светофорнинг қизил чироғи 30 сония ёниб турганда қанча тирбандлик ҳосил бўлиши, одамлар қанча вақт йўқотиши, автомобиллар атроф-муҳитга қанча заҳарли газ чиқариши, бундан йўлнинг ҳар иккала томонида жойлашган кўп қаватли уйларда яшайдиган одамларга қанча зарар етишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Бутун дунё шаҳарсозлигида кўприклар, ер ости ўтиш йўлларини кўпайтириш орқали светофорларни камайтириш ҳамда тирбандликнинг олдини олишга устувор аҳамият қаратилади. Бизнинг мамлакатимизда ҳам кейинги вақтларда бунга алоҳида эътибор берилмоқда.
Бунёдкор кўчаси йўл ўтказгичлар, ер ости йўллари энг кўп кўча бўлса керак. Ушбу кўчанинг Қатортол 1-тор кўча билан кесишган қисмида (Тошкент шаҳар давлат божхона қўмитаси биноси олдида) чорраҳада светофор ўрнатилган. Шундан кейин то Зулфияхоним ва Себзор кўчалари чорраҳасига қадар, яъни 8,5 километр йўлда бир дона ҳам светофор қолмаган эди. Шу масофада 5 та кўприк, 2 та ер ости йўли бор.
Улар давлат бюджетидан миллиард-миллиард маблағ сарфлаб нима мақсадда қурилган? Албатта қатновни яхшилаш, тирбандликнинг олдини олиш, одамларнинг вақтини тежаш, атроф-муҳит софлигини асраш... мақсадида.
Ана шундай бир шароитда шаҳарнинг энг серқатнов кўчасига (эътибор беринг чорраҳа бўлмаган, йўл ўтказгичдан тушиш жойи) светофор ўрнатиб, сунъий тирбандлик ҳосил қилиш кимга керак бўлиб қолди экан?
Бунга эҳтиёж бўлганда ҳам майли эди. Ахир шу светофор ўрнатилган жойдан атиги 100 метр масофада кенг ва ёруғ ер ости пиёдалар ўтиш йўли бор! У нима учун қурилган?
Бугун яна шу кўчадан ўтдим. Яна ўша тирбандлик. Кун иссиқ, ҳайдовчилар асабий. Яқин бориб билдикки, бу тирбандлик светофорнинг қизил чироғи ёнгани учун эмас, балки, светофорни олиб ташлаш учун 40-50 ишчи ва бир неча техника ишлаётгани учун экан.
Ҳар тугул шаҳар мутасаддилари ушбу светофорни ўрнатиш ҳақидаги ўз қарорлари нотўғри чиқарилганини тушуниб етибди.
Энди ўйлаб кўринг шаҳар масъуллари светофор ўрнатиш ҳақида қарор чиқаришдан олдин унинг оқибатини наҳотки ўрганмади? Ёки бу шунчалар қийинмиди?
Шу светофорни ўрнатиш ва олиб ташлаш учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетидан қанча маблағ (одамлар пешона тери эвазига тўпланган пуллар) сарф бўлди (ҳавога учди) экан. Бунга кетган маблағ, ишчиларнинг вақти, меҳнати бошқа жойга сарфланганида қанча бино таъмирланиши, қанча ер обод бўлиши мумкин эди?
Шаҳар ҳокимлиги масъуллари бундан кейин ҳар бир қарорни аввал оқибатини яхшилаб ўйлаб кўриб, кейин чиқарса яхши бўлар эди...
Абдуллоҳ Асрор
P.S.: Бугун «Новза» кўприги устидан рўй берган ЙТҲ натижасида Бунёдкор проспекти бир соат тўсилиб қолгани ҳақида хабар берган эдик.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter