Шанхайдаги локдаун туфайли Хитойда автомобил ишлаб чиқариш тўхтаб қолиши мумкин
Шанхайда COVID-19 авж олгани туфайли тўлиқ локдаун жорий этилган.
Агар Шанхайдаги ишлаб чиқариш ва логистик занжир таркибига кирувчи корхоналар ўз ишини қайта тиклаш чорасини топмаса, май ойида Хитойдаги барча автомобил корхоналари ўз фаолиятини тўхтатиши мумкин, дея баёнот берди электромобил ишлаб чиқарувчи Xiaopeng Motors раҳбари Хэ Сяопэн.
«Агар Шанхай ишлаб чиқаришни қайта тикламаса, июн ойига бориб, Шанхайдан маҳсулот етказиб бериш занжирларида иштирок этувчи барча илмий-техник ва саноат корхоналари ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатади, бу айниқса автосаноатга тааллуқли», – деди Huawei Consumer Business Group раҳбари Юй Чэндун. Бу ҳақда РИА Новости хабар бериб ўтмоқда.
Апрел ўрталарида баъзи компаниялар етказиб бериш занжирларида иштирок этмай қўйди ва агар Шанхайдаги локдаун давом этса, автосаноат улкан иқтисодий йўқотишларга учрайди.
24,9 млн одам истиқомат қиладиган Шанхай ҳукумати коронавируснинг янги тўлқини сабабли 28 мартдан тўлиқ локдаун жорий этди.
Ҳукумат режасига кўра, локдаун икки босқичда ўтиб, 5 апрел куни якунланиши керак эди. Бироқ чекловлар амал қилган вақтда жуда кўп миқдорда касалланганлар аниқлангани боис, локдаун муддати номаълум вақтга узайтирилди.
Таъкидлаш керакки, глобал инқирозлар ва геосиёсий вазият бутун дунёда автомобил ишлаб чиқаришнинг қисқаришига сабаб бўлди. Автомобил ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар жамияти SMMT (Society of Motor Manufacturers and Traders) маълумотларига кўра, 2022 йилнинг I чорагида Россияда автомобил ишлаб чиқариш 33,2%, АҚШда 17%, Буюк Британияда эса деярли учдан бир улушга қисқарди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter