Жисмоний шахслар автомобилини нотариуссиз бир ойгача ижарага бериши мумкин бўлади
Ўзбекистонда енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу ҳақда ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳага кўра, келгусида юридик шахслар билан бир қаторда жисмоний шахсларга ҳам енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга, нотариал расмийлаштириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида рўйхатдан ўтказишни талаб этмайдиган қисқа муддатли ижарага бериш ҳуқуқи тақдим этилиши мумкин.
Бунинг учун ижарага берувчи ва ижарага олувчи ўртасида тегишли тартиблар йўлга қўйилади.
Жумладан, қисқа муддатли ижарага беришга мўлжалланган транспорт воситалари Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган талабларга мувофиқ махсус таниқлик белгига эга бўлиши талаб қилинади.
Шунингдек, транспорт воситасини қисқа муддатли ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида ижарага берувчига Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг «Маъмурий амалиёт» автоматлаштирилган ахборот тизимининг маълумотларидан фойдаланиш имконияти тақдим этилади.
Бундан ташқари шартнома тузилгунига қадар ижарачи бутловчи қисмларнинг мавжудлигини текшириш учун транспорт воситасини кўрикдан ўтказишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Транспорт воситасида нуқсон ёки носозликлар аниқланган тақдирда, ижарачи уни алмаштириш ёки носозликларни бартараф этишни талаб қилишга ҳақли бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter