Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Германияда хавфли қувиб ўтган ҳайдовчи икки йилга қамалди (видео)

Германияда хавфли қувиб ўтган ҳайдовчи икки йилга қамалди (видео)

Фото: «Delfi»

Германия суди қувиб ўтишда автобусга тўқнашиб кетаёзган фура (юк машинаси) ҳайдовчисини икки йилга озодликдан маҳрум этди. Бунчалик оғир жазо, суд назарида, бошқа ҳайдовчиларни огоҳликка чорлаши лозим.

Гарчи воқеа 2019 йилнинг 22 январида содир бўлган бўлса-да, суд қарори йил охирига келиб чиқди, дейилади «Delfi Auto» хабарида.

Номаълум ҳайдовчи видеорегистраторга олинган тасвирни интернетга жойлаганидан кейин суриштирув бошланган. Воқеа Баварияда юз берган бўлиб, юк машинаси ҳайдовчиси йўл яхши кўринмайдиган ва тақиқланган ҳудудда хавфли қувиб ўтишни амалга оширган. Бу пайтда қарама-қарши йўналишда йўловчилар тўла автобус, унинг ортида енгил машина келаётганди. Фақат мўъжиза туфайлигина ҳалокат юз бермаганди ўшанда.

Экспертларнинг айтишларича, машиналарни муқаррар тўқнашувдан орада 30-40 сантиметр масофа ажратиб қолган, холос.

Видео «Facebook»да чиққанидан кейин, Германия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари юк машинасини қидиришга тушишди. Қоидабузар чех бўлиб чиқди. У шу заҳоти ишдан бўшатилиб, ҳибсга олинган.

2019 йил декабрида суд қарори чиқди. Айблов ҳайдовчининг ҳаракатларини ўлимга қасд қилиш дея баҳолаб, уч йилгача озодликдан маҳрум этишни мўлжаллаганди. Ҳимоя шартли муддат сўради. Якунда суд қоидабузарни икки йил ва уч ой муддатга озодликдан маҳрум этиб, тўрт йил давомида рулга ўтиришдан маҳрум этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг