Газ баллонлари нега портлайди?
Ҳар йили автомашиналарга ўрнатилган газ баллонлар портлаши оқибатида ўнлаб бахтсиз ҳодиса рўй бериб, инсонларнинг ҳаёти ва саломатлиги хавф остида қолади. Қуйидаги омиллар транспортга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини белгилаб берувчи асосий мезонлар ҳисобланади:
Фойдаланиш муддати. Ишлаб чиқарувчилар томонида газ баллонларнинг фойдаланиш муддати – 15 йил, деб белгиланган. Аммо, уни сақлаш ва эксплуатация шароитининг оғирлигига қараб бу муддат камайиши мумкин.
Даврийлик цикли. Бу кўрсаткич газ баллонга бир йилда неча марта газ қуйиш кераклигини англатади. Бу кўрсаткич ишлаб чиқрувчилар томонидан йилига мингта деб белгиланган. Аммо, амалиётда айрим ҳайдовчилар газ баллонга йилига икки минг маротабадан ҳам кўпроқ газ қуйишади. Бу ҳам газ баллоннинг «умрини қисқартиради».
Босим. Газ баллондаги босим 20 мегапаскалдан ошиб кетмаслиги керак. Афсуски, кўпчилик ҳайдовчилар узоқроқ йўл босиш мақсадида кўпроқ босим остида газ қуйишга ҳаракат қилишади. Бунинг оқибати эса аянчли якун топиши мумкин.
Техник кўрик. Газ баллонлар ҳар йили камида бир маротаба юқори босим остида синовдан ўтказилиши керак. Бу газ баллон деворларининг мустаҳкамлигини, ташқи ва ички деформацияга учрамаганлигини аниқлаш ва яна бир йил фойдаланиш учун ишонч ҳосил қилиш имконини беради.
Шунингдек, баллондаги газ чўкмалари ва бошқа чиқиндилар тозаланиб, ювилади. Афсуски, кўпчилик ҳайдовчилар газ баллонни синовдан ўтказишдан қочишади. Оқибатда газ баллонлар йиллар давомида синовдан ўтказилмасдан қолиб кетаверади. Баллон маҳкамланган конструкциялардаги ҳимоя резиналари шикастланади, темир конструкциялар ва ташқи муҳит таъсирида баллонда деформация бошланади, газ чўкмалари таъсирида ички емирилиш кучаяди ва охир-оқибат газ баллон портлайди.
Сифат. 2018 йил февраль ойидан буён республикамизда СПГ-2 турдаги (капрон) газ баллони фойдаланишдан чиқарилган. Бунга мазкур газ баллонларнинг мустаҳкамлиги етарли даражада эмаслиги ва фойдаланиш муддатининг камлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Аммо, ҳозир ҳам «капрон» композит қопламали газ баллонларидан фойдаланиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Энг хатарлиси, айрим ҳолатларда баллон юзасидаги композит қопламани олиб ташлаб, худди пўлат баллондек кўрсатиш ҳолатлари аниқланмоқда. Бу эса жуда хатарли.
Тўғри ўрнатиш. Газ баллонлар фақат тегишли лицензияга эга мутахассислар томонидангина ўрнатилиши лозим. Шунингдек, газ ускуналарининг стандарт хавфсизлик клапанлари бўлиши керак. Арзон ва қўлбола хавфсизлик клапанлари тезда ишдан чиқади ва зарур ҳолларда ишламай қолади. Оқибати эса ҳаммага маълум.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter