Тошкент туманида яшовчи йигит хушторига ёқиш учун машина ўғирлади

Юнусобод туманида ўғриланган автомобиль ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарда қайд этилишича, 2018 йилнинг 6 апрел куни соат 22:00 да Тошкент шаҳар ИИББ га оқ рангли «Спарк» русумли автомобильнинг олиб қочилгани ҳақида хабар берилди.
Маълум бўлишича, жабрланувчи — 1976 йилда туғилган фуқаро Ш.И. машинани ўғрилаб кетган А.С. билан воқеадан бир кун аввал танишган. А.С. машина эгасига Шайхонтоҳур туманида яшовчи хушторининг олдига бориб келишни таклиф қилган. У Фаробий кўчасига етиб боришганда Ш.И.дан автомобильдан тушиб, уйдан нарироқда кутиб туришини сўраган, ўзи эса машинада ёлғиз бориб маҳбубасини ҳайрон қолдирмоқчи эканини айтган.

«Орадан маълум вақт ўтиб, Ш.И. танишига қўнғироқ қилган, СМС юборган. Жавоб бўлавермагач, ички ишларнинг «102» рақамига хабар берган», — дейилади хабарда.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, ўғриланган автомобиль ЙПХ бригадасининг 3-батальони ва Юнусобод туман ИИО ФМБнинг профилактика инспектори томонидан ушланган. Уни бошқариб кетаётган Тошкент вилояти Тошкент туманида яшовчи фуқаро А.С. қўлга олинган. Аниқланишича, машинани олиб қочган шахс аввал ҳам жиноят содир этиб, бунинг учун судланган.
Ҳозирга вақтда айбланувчининг пойтахт ва Тошкент вилоятининг бошқа ҳудудларида амалга оширган жиноий ҳаракатларини аниқлаш борасидаги суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter