Автомобил учун тўлиқ тўлов қилишга улгурмаганларнинг шартномаси бекор қилинадими? UzAuto Motors жавоб берди
UzAuto Motors компанияси автомобил олди-сотди шартнома шартларини белгиланган муддатда бажармаган, яъни 100% тўловни амалга оширмаган юридик ҳамда 85% олдиндан тўловни тўлиқ тақдим этмаган жисмоний шахсларнинг шартномасини бекор қилмаслик учун чоралар кўрмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати томонидан хабар қилинди.
Хабарда айтилишича, агарда ижобий қарор қабул қилинса, аввалдан шартномаси мавжуд бўлган харидорларга автомобил эски нархда етказиб берилади.
«Ҳурматли харидорлар!
Шу кунларда UzAuto Motors компаниясига автомобиль олди-сотди шартнома шартларини белгиланган муддатда бажармагани учун шартномалари бекор қилинган, яъни 100% тўловни бажармаган юридик ҳамда 85% олдиндан тўловни тўлиқ тақдим этмаган жисмоний шахслардан мурожаатлар келиб туша бошлади.
Нархларнинг сўнги ўзгариши ҳамда харидорларнинг шароитини инобатга олган ҳолда, UzAuto Motors компанияси кузатув кенгаши томонидан ушбу муаммони ҳал қилиш, хусусан харидор томонидан шартнома шартлари бузилганига қарамай уни бекор қилмаслик бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, шартнома бўйича тўлиқ ҳажмда тўлов амалга оширмаган харидорларга автомобиль шартномада кўрсатилган нарх бўйича етказиб берилади.
Шунингдек UzAuto Motors барча харидорлардан шартномани имзолашдан олдин шартноманинг барча шартларини синчковлик билан ўрганиб чиқиш ва уларга қатъий риоя қилишни сўрайди.
Бизни тўғри тушунишингиздан умидвормиз», — дейилади мурожаатда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter