«Avto oltmish oy» МЧЖ кирдикорлари маълум қилинди
Пойтахтимизда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан «Avto oltmish oy» МЧЖнинг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.
Жиноят иши қўзғатилишига «UzAutomotors» АЖнинг ИИВга «Avto oltmish oy» МЧЖнинг фуқароларга фоизсиз пулини 5 йил (60 ой) муддатга бўлиб тўлаш шарти билан шубҳали фаолият кўрсатаётганлиги ҳақидаги йўллаган мурожаати юзасидан терговга қадар текширув вақтида аниқланган ҳолатлар асос бўлган.
Қайд этилишича, ушбу МЧЖ асосчиси Ж.Боходиров ва бошқалар фуқароларга автотранспорт воситаларини фоизсиз 5 йил муддатга, бўлиб тўлаш шарти билан олиб беришни ваъда қилган ва улардан олинган пул маблағларини жамият фаолиятини реклама қилишга сарфлаб, 18 минг нафардан ортиқ фуқаронинг пул маблағларини жамият ҳисоб рақамига туширишга эришган.
18,818 нафардан зиёд мижоз томонидан тўлов қилинган 57, 412 миллиард сўм маблағдан бор йўғи, 130 та транспорт воситасини сотиб олиш учун «Qibray avto moto servise» МЧЖга 24, 6 миллиард сўм қисмини кўчириш билан кифояланган.
Жиноят иши бўйича жами аниқланган зарар 57, 412 миллиард сўмни ташкил этади. Жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг ундирилган қисми 34, 148 миллиард сўм (нақд пул шаклида — 26 миллиард сўм, хатланган мол-мулклар — 8, 148 миллиард сўм, шунингдек, 28 та турли русумдаги умумий баҳоси 2,1 миллиард сўмга тенг бўлган транспорт воситаларини хатлаш чоралари кўрилмоқда)дан иборат.
Ж. Боходиров ва унинг шериклари жиноий фаолиятлари давомида «Catalea Media» МЧЖ, «J.Boxodirov» ЯТТ ҳамда «Karat insurance» МЧЖни ташкил этиб, устав жамғармасини мижозлардан тушган пул маблағлари эвазига шакллантирган. Шу сабабли мазкур корхоналарга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ягона иш юритувига бирлаштирилган.
Тергов департаменти масъуллари ОАВ вакилларига шу ва бошқа маълумотларни тақдим этди. Ташриф буюрган жабрланувчиларга тергов жараёни якунланиб, суднинг якуний хулосаси чиққанидан сўнггина топширган пул маблағлари қайтарилиши маълум қилинди.
Ж.Боходировнинг онаси эса ўғли ёшлик қилгани, ўзлаштирган пулларни, албатта, эгаларига қайтарилишини айтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter