16 ёшли ўқувчи ретро дизайндаги электромобиль яcади (фото)
Бухоро вилояти, Вобкент туманидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси ретро дизайндаги электромобиль ясади.
16 ёшли Шаҳзоджон Эркинов ясаган ушбу ретро дизайндаги электромобиль соатига 50 километр тезликда ҳаракатлана олади. Зарур техник ишлар бажарилса, тезликни соатига 100 километр ва ҳатто, ундан ҳам ошириш мумкин. Электрокар қуёш панели, шунингдек, электр токи воситасида ҳам қувватланади.
«Бу туристик зоналарда, паркларда, дам олиш масканларида одам ташиш учун мўлжалланган. Электромобилнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у фақат рул бошқарувчининг қўл бармоғи билан ёқилади. Дастур тўлиқ ўзбек тилида қилинган», — дейди Шаҳзоджон Эркинов.
Ёш ихтирочи электромобилга 12 вольтли тўртта қуёш панелларини ўрнатиб, унинг қуёш энергиясида ҳаракатланишини таъминлаган.
У ўзи ясаган илк электромобилини «Шаҳзодмобиль» деб номлаган.
«Мен бу ғояни амалга оширишни тумандаги Баркамол авлод болалар мактабининг ракетомодел тўгарагида билим олиб юрган кезларим мақсад қилганман. Тайёрланиши учун 6 ой вақт кетди. Кўриниши, дизайнини ретро автомобиль шаклида танладим. Сабаби одамларни ўзида жалб қиладиган, қизиқтирадиган кўринишни хоҳладим», — деди ёш суҳбатдош.
«Буни токка қўйиб, зардласа ҳам бўлади. Қисман тайёр бўлиб қолган ретро дизайндаги электромобилимда яна ёпинчиқ ҳам ўрнатишни режалаштирганман. Унинг ихтиросида менга отам яқиндан кўмаклашган. Ҳомийси ҳам отам. 20 миллион сўм атрофида харажат қилинган. Тўғриси, мен ясаган бу электромобиль кўпчиликда катта қизиқиш уйғотганидан хурсанд бўлдим», — деди Шаҳзоджон Эркинов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter