Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Япониялик болалар кўп сув ичишга боғча ёшидан одатланади

Япониялик болалар кўп сув ичишга боғча ёшидан одатланади

фото: farpost.ru

Японлар термосни «Суито», дейишади. Яъни иссиқни иссиқ совуқни совуқ ушлаб турадиган идиш.

Хуллас, ана шу «иссиқ-совуқ» идиш Япониядаги болаларга боғчадалигадаёқ мажбурий бериб қўйилади. Ҳар битта болада шу идиш бўлиши шарт. Оддий кўчага ўйнагани чиқса ҳам ҳамма Япон боласининг қўлида кўришингиз мумкин. Эрталаб уйдан чиқаётганда тўлдириб бериб юборасиз, тугаб қолса, боғча опалари қайтадан тўлдириб қўйишади. Натижада, бола кун бўйи жуда кўп сув ичади. Бу матоҳни кўтариб юриш одати, Японларда боғча, мактаб, университет ҳаттоки ишлайдиган кап-катта одамларда ҳам шаклланган.

Боғчадан, мактабдан ўрганиб катта бўлган япониялик ишхонасида ҳам ўша матоҳни кўтариб юрадиган, кўп-кўп сув ичадиган бўлади.

Хуллас, оддий сув ичиш одати Япониянинг ҳар битта бурчагида сезилиб туради.

Хоҳлаган емакхонага киринг, биринчи бўлиб муз солинган сув олиб келади. Дастурхон тузатишда ҳам кола, фанта, соклар эмас, сувга урғу берилади. Бу одатни бизда ҳам шакллантириш керак. Бизда оддий сувни кўп ичишни одатга айлантиришмаган. Хоҳлаган бирорта болага нима олиб берай десангиз, «Кола», «Сок», «Компот» дейди. Японнинг боласи «Сув» дейди.

Баъзида чанқаб кетиб, нимадир, масалан колами ёки сокми олай десам, шу ерда туғилиб, одатларини ўзлаштирган ўғлим: «Сув олинг» дейди.

Сиз ҳам ошхонага кирганингизда, нима ичимлик буюртма қилишингизни бир эслаб кўринг-а.

Танадаги сув миқдорини балансда ушлаб туриш учун кўп сув ичиш кераклигини мен айтмасам ҳам, ҳамма билади. Аммо, маданият сифатида шаклланиши учун болаликдан, боғчаларимиздан бошлаш керак. Балки, Японларнинг узоқ яшашининг сири кўп сув ичишидадир, балки биз ҳам ёшликдан кўп сув ичишга одатлансак, аҳолимиз орасида семизлик, юрак хасталиклари каби касалликлар камаярмиди...

                                          Баҳодир Искандаров facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг