Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги тайинланган ҳоким кўпчилик кўз ўнгида тарсаки еди

Янги тайинланган ҳоким кўпчилик кўз ўнгида тарсаки еди

Эрон таркибидаги Шарқий Озарбойжон вилоятининг янги ҳокими Обиддин Хуррамга кўпчилик кўз ўнгида ҳамла қилинди. Кўнгилсиз ҳодиса янги ҳокимнинг таништирув маросимида юз берган.

Обиддин Хуррам вилоят раҳбари сифатида илк бор нутқ сўзлаётган пайтда кутилмаганда саҳнада пайдо бўлган номаълум эркак унинг юзига тарсаки туширган. Мухолифи яна ҳамла учун яқинлашган пайтда мансабдор ўзини ҳимоя қилиб қолган. Бу орада хавфсизлик ходимлари етиб келиб ҳуқуқбузарни олиб чиқиб кетганлар.

“The Guardian” нашри ҳужум қилган шахс илгари Обиддин Хуррамнинг қўл остида ишлаган ходим эканини аниқлади. Шунга кўра, ҳужум шахсий хусуматга кўра содир этилгани тахмин қилинмоқда

О.Хуррам Шарқий Озарбойжон вилояти ҳокими лавозимига тайинлангунга қадар, 4 йил давомида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг мазкур музофотдаги қўмондони вазифасида фаолият юритган.

Сиёсатдонлар фаолиятида бу каби дилхираликлар онда-сонда бўлса-да рўй бериб туради. Масалан, жорий йил 8 июнь куни Франция жануби-шарқидаги Дром департаментига сафар қилган президент Эммануэль Макронга Дамьен Тарел  исмли шахс тарсаки туширган. Аввал хабар қилганимиздек, ушбу шахс тўрт ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Судланувчи маҳкама жараёнида Макроннинг юзига тарсаки тортганини тан олса-да, қилмишидан тавба қилмаган.

2010 йилда эса Томск вилояти губернатори Виктор Крессга жамоатчилик гувоҳлигида тарсаки туширган Сергей Зайков икки ярим йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

АҚШ президенти Жорж Буш (2001-2009) 2008 йил декабрь ойида Ироққа қилган сафарини бир умр унутмаслиги аниқ. Чунки ўшанда нафақат Буш, балки дунё жамоатчилиги ёдида қолган жанжалли воқеа рўй берган. Бағдодда ташкил этилган матбуот анжуманида маҳаллий журналист Мунтазар аз-Зайдий Ироқдаги уруш ва хунрезликларга норозилик ифодаси сифатида Оқ уй соҳибига ўз оёқ кийимини улоқтирган. Мунтазар аз-Зайдий ҳуқуқбузарлик сабаб муайян муддатга қамалган, албатта, аммо аксар ироқликлар уни қаҳрамон ўлароқ қабул қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг