Вулқон остида қолган шаҳарда икки минг йиллик осори атиқалар топилди
Археологлар Италиянинг қадимий Помпей шаҳри ҳудудида идиш-товоқ ва рўзғор анжомларига тўла хоналарни топишди, деб хабар берди Reuters агентлиги. Янги топилмалар милодий 79 йилда Везувий вулқони остида қолган кўҳна шаҳар ҳақида қўшимча маълумотлар бериши билан қимматлидир.
Сандиқ, каравот, шкаф каби анжомлар, сопол ва бронза идишлар хонадон эгалари ўрта табақага мансуб эканидан далолат беради. Деворига қуш, ўсимлик ҳамда ов суратлари туширилган хоналар ҳам помпейликларнинг ижтимоий мақоми ҳақида тасаввур уйғотади.
Помпей археологик парки директори Габриэль Цухтригелнинг «Euronews»га ҳикоя қилишича, салкам 2000 йилли тарихга эга уй анжомлари яхши сақлангани билан диққатни тортади.
Жиҳозларнинг жойлашуви эса уй эгалари вулқон ҳаракатга келган вақтда бошпанасини ошиғич равишда тарк этганига шоҳидлик беради. Чинни идишлар, сопол буюмлар ҳамда бронза анжомлар алоҳида тадқиқ этилиши кўзда тутилган.
79 йили Везувий вулқони отилиши оқибатида Рим империясининг Помпей, Геркуланум, Стабий каби шаҳарлари яксон бўлган. Табиий офат оқибатида бир неча ўн минг киши ҳалок бўлгани айтилади. Манбаларга кўра, вулқон отилган пайтда Хиросимада атом бомбаси портлаганидан бир неча баробар кучли иссиқлик энергияси юзага келган. Вулқон остида қолган Помпейда археологик қазишмалар 1860 йилдан бошланган. Замонавий Неаполь яқинидаги қадимий шаҳар харобалари Италиянинг сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган масканлари сирасига киради.
Аввалроқ Помпей яқинидаги қишлоқ ҳудудида бой ва қул жасадлари топилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter