Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Узоқ умр кўрган эр-хотин Гиннесснинг рекордлар китобига киритилди

Узоқ умр кўрган эр-хотин Гиннесснинг рекордлар китобига киритилди

Фото: «Twnews.pl»

Эквадорлик Хулио Цезарь Мора ва унинг рафиқаси Вальдрамина Макловия Кинтерос турмуш қуришганига 79 йил бўлди. Эр — 110 ёшда, Вальдрамина эса октябрда 105 йиллик юбилейини нишонлайди.

Ушбу эр-хотин — энг узоқ умр кўрган жуфтлик бўлиб, умумий ёши 214 йилу 358 кунни ташкил этади. Гиннесснинг рекордлар китоби мазкур рекордни тасдиқлади. Хулио ва Вальдрамина, шунингдек, дунёдаги энг кекса эр-хотин ҳисобланади.

Мора 1910 йил 10 мартда, Кинтерос эса 1915 йил 16 октябрда дунёга келган. Улар мактаб таътили пайтида танишиб қолишган. Хулионинг опаси Кинтероснинг амакаси билан турмуш қуришган, дейилади Гиннесснинг рекордлар китоби хабарида.

Етти йиллик дўстлашувдан сўнг йигит билан қиз 1941 йил 7 февраль куни турмуш қуришди. Фақат тўй яқин дўстлари ва чўқинтирган ота-оналари иштирокида ўтган. Чунки уларнинг оиласи дастлаб бу никоҳга қарши бўлишган. Хулио ва Вадраминанинг сўзларига кўра, ота-онаси бошида чиқишолмаган, бироқ кейинчалик яқин бўлиб кетишган.

«Оилавий қадриятларга асосланган севги-муҳаббат, ўзаро ҳурмат-эътибор, яхши таълим ва ҳалол меҳнат узоқ йиллар давомида бахтли ҳаёт кечиришга сабаб бўлди», — дея рекордчи эр-хотиннинг сўзларини келтирган «CNN».

Хулио ва Вадраминанинг 5 та фарзанди, 11 та невараси, 21 та эвараси ва 9 та чевараси бор. Маълумотларга кўра, катта ўғли 58 ёшида ҳаётдан кўз юмган. Эр-хотин пенсияга чиққунга қадар ўқитувчилик қилишган. Қизларидан бири Аура Сесилиянинг айтишича, ота-онаси бирга кино ва театрга боришни, боғда ишлашни ва кўп вақтини оиласи ва дўстлари даврасида ўтказишни ёқтиради.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг