Урушни танқид қилган россиялик бойнинг миллиард долларлик мулки олиб қўйилди
Россия Федерацияси Краснодар ўлкаси суди миллиардер Олег Дерипасканинг «Имеретинский» меҳмонхона мажмуаси ва Сочидаги яхта портини олиб қўйиш ҳақида қарор чиқарди. The Financial Times нашри хабарига кўра, тортиб олинган мулк қиймати бир миллиард долларни ташкил этади.
Маҳкама ҳужжатига кўра, Дерипаска мулкдан мақсадсиз фойдаланиш ва ўзбошимчалик билан қурилиш қилишда айбланган. Миллиардерга қарши даъво билан чиққан «Сириус» маркази Россия раҳбариятига яқин тузилма экани айтилади.
Ғарб матбуоти Дерипасканинг мол-мулки тортиб олингани Украина уруши борасидаги танқидий фикрлари билан боғлиқ экани ҳақида ёзган.
2022 йил 24 февраль куни рус қўшини Украинага бостириб кирганидан кейиноқ Дерипаска ижтимоий тармоқ орқали Россия раҳбариятига нисбатан танқидий руҳда постлар қўйган. Хусусан, март ойида у Украинадаги ядро объектлари ҳақида ёзар экан, объектларда бирон кор-ҳол юз бергудек бўлса, авлодлар Россияни яна 200 йил лаънат билан эслашидан огоҳлантирган.
Сўнгги хабарларга кўра, Кремль Дерипасканинг мулки олиб қўйилгани фактини унинг Украинага доир фикрлари билан боғламасликни сўраган. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, миллиардер ҳеч қачон Россиянинг Украинадаги «махсус амалиёти» борасида қарши фикр билдирмаган, шунчаки вазифалар тўғри бажарилишини тавсия этмоқда.
Олег Дерипаска алюминий бизнеси ортидан бойиган тадбиркордир. 2008 йилда у Россиянинг энг бой кишиси деб топилган (28 миллиард доллар). Дерипаска Украина уруши ортидан катта молиявий зарар кўрмоқда. Биргина апрель ойида у бир миллиард доллардан кўпроқ «камбағаллашган».
Миллиардер 2017 йилда Кипр фуқаролигини олган эди. Путин лойиҳаларини молиялаштириш айби билан Европа Иттифоқи санкциясига тушгач, у 2022 йил апрель ойида Кипр фуқаролигидан ҳам маҳрум этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter