Урсула фон дер Ляйен ҳаёт-мамот аҳамиятига молик ҳужжатни тақдим этди

Европа Иттифоқи денгиз, соҳил ва унинг атрофидаги ҳаётни муҳофаза этишга қаратилган Океан тўғрисидаги пактни қабул қилди. Бу ҳақда Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Ницца шаҳрида ўтаётган БМТнинг океанларга оид анжуманида маълум қилди.
“Биз беш йил мобайнида (океаннинг) пластик ва заҳарли буюмлар билан ифлосланиш даражасини икки бараварга камайтиришга ҳаракат қиламиз. Табиий яшаш муҳитини тиклаймиз ва соҳилларимизни иқлим ўзгариши таъсиридан янада самарали ҳимоя қиламиз”, – деди Урсула фон дер Ляйен.
Европа комиссияси денгиз саноати ва портларга оид стратегия ишлаб чиқиш орқали ушбу соҳанинг рақобатбардошлигини оширишни ҳам кўзламоқда.
Урсула фон дер Ляйеннинг маълум қилишича, ЕИ дунё бўйлаб табиатни муҳофаза қилиш бўйича 50 та лойиҳага 1 миллиард евро маблағ ажратади. Ушбу маблағнинг салмоқли қисми илмий тадқиқотларга йўналтирилади.
Океанни муҳофаза этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар орқали 2030 йилга бориб денгиз экотизимининг 20 фоизини тиклаш мақсад қилинган.
БМТнинг Франция мезбонлигида ўтаётган океанларга оид анжуманида Очиқ денгизга оид шартнома учун ҳам имзо йиғилмоқда. Денгиз ва халқаро сув ҳавзаларини муҳофаза этишни кучайтиришга қаратилган шартнома кучга кириши учун 60 мамлакат маъқуллови талаб этилади.
“Бугун биз (Очиқ денгизга оид шартнома) ратификацияси учун зарур бўлган 60 та имзони йиғишга жуда яқин турибмиз. Ратификацияни тезлаштиришингизни сўрайман. Чунки уммонларимиз биздан жадал амалий ҳаракатларни кутмоқда”, – дея ушбу ҳужжатни қабул қилишга ундади Еврокомиссия президенти.
Маълумот ўрнида: Европа комиссияси жорий йил 5 июнь куни Океан тўғрисидаги пактни (Ocean Pact) қабул қилди.
Ҳаёт-мамот аҳамиятига молик ушбу муҳим ҳужжат дунё уммонларида табиий яшаш муҳитини тиклаш, аъзо давлатларни қўллаб-қувватлаш ва қонунчиликни такомиллаштириш орқали океанларни муҳофаза этишни кучайтиришга қаратилган.
Уммонлар инсон, ҳайвонот ва наботот ҳаёти, шунингдек, балиқчилик, кемачилик, туризм ва энергетика жабҳаларида ҳал қилувчи ўрин тутади. Океан тўғрисидаги пактда соҳилбўйи ҳудудларни тиклаш бўйича ҳам чора-тадбирлар белгиланган. Қолаверса, соҳага доир илмий изланиш ва тадқиқотларни кучайтириш кўзда тутилган.
Ҳужжатда денгиз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш, Европа сув ҳавзаларида қолиб кетган портловчи моддаларни йўқ қилиш бўйича ҳам вазифалар қайд этилган.
Европа Иттифоқи 70 минг км га чўзилган соҳил чизиғидан иборат улкан денгиз ҳудудига эгалик қилади. Умумий аҳолининг 40 фоизи денгиздан 50 км радиусда истиқомат қилади. Бу рақамлар ҳам ЕИ ҳаётида денгиз масалалари муҳим ўрин тутишидан далолат беради.
Океан тўғрисидаги пактда белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида 2027 йилда ЕИнинг Океан тўғрисида қонунини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter