Украинадаги урушда қўмондонлик қилган беш рус генералидан тўрттаси бўшатилди
Британия ҳарбий разведкаси 2022 йилнинг февралида Украинага бостириб кириши чоғида Россия қўшинларининг оператив қўмондонлиги учун масъул бўлган беш генералдан тўрт нафари аллақачон ишдан бўшатилганини маълум қилди. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазирлигининг кундалик разведка ҳисоботида айтилади.
Британия ҳарбийларининг фикрича, ишдан бўшатилган генераллар ўрнига келган қўмондонлар «Россия ҳужумини яхшилаш учун ҳали кўп иш қила олишгани йўқ».
Разведка ҳисоботида ишдан бўшатилган рус генералларининг исмлари кўрсатилмаган.
Британия Мудофаа вазирлиги ўз шарҳида Украинадаги «махсус операция» учун масъул бўлган рус ҳарбийлари ўз вазифаларини яхши бажара олишмаётганини таъкидлайди. Тактик жиҳатдан «янги сафарбар этилган ҳарбийларни бошқариш учун малакали кичик офицерларнинг етишмаслиги кузатилмоқда», дейилади шарҳда.
Британия разведкасининг фикрига кўра, кичик офицерлар даражасидаги заиф қўмондонлик «Россия қуролли кучларининг ҳарбий қисмларида ишончнинг сусайиши ва ўзаро ҳамжиҳатликнинг пасайишини келтириб чиқаради».
Россия Мудофаа вазирлиги 8 октябрь куни генерал Сергей Суровикинни Украинадаги Россия қўшинларининг янги қўмондони этиб тайинлаганди. Шу тариқа вазирлик Украинага ҳужумидан бери биринчи марта қўшинларга қўмондонлик қилган шахснинг исмини ошкор қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter