Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украина Беларусдан «Кремлнинг хархашаларига қулоқ солмаслик»ни талаб қилди

Украина Беларусдан «Кремлнинг хархашаларига қулоқ солмаслик»ни талаб қилди

Фото: Reuters

Украина ташқи ишлар вазирлиги Беларусь раҳбариятидан Кремлнинг хархашаларига қулоқ солмасликни талаб қилди. Бу ҳақда Украина Беларусь ҳудудига ҳужум қилишга тайёрланаётгани хусусидаги иддаога жавобан тарқатилган баёнотда сўз боради.

Гап шундаки, 8 октябрь куни Украинанинг Минскдаги элчиси Игорь Кизим Беларусь ташқи ишлар вазирлигига чақиритирилган ва унга норозилик нотаси топширилган. Унда Украина Беларусга ҳужум қилишга ҳозирланаётгани қайд этилган. Расмий Киев Минскнинг бу даъвосини рад этган.

«Украина ҳеч қачон бошқа давлат ҳудудига кўз олайтирмаган. Биз БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқ тамойиллари ҳамда асосий меъёрларига оғишмай риоя қиламиз», – дейилади ТИВ баёнотида. 

Қайд этилишича, сўнгги ҳодисалар Москванинг Беларусь ҳудудида провокация содир этиб, бу борада Украинани айблашга уриниши эҳтимолидан далолат бермоқда. Шунга кўра, расмий Киев қўшни мамлакат раҳбарияти ва халқини огоҳликка ундаган.

«Беларусь ҳукумати Кремлнинг хархашаларига қулоқ солишни бас қилиши ва Украинага босқин борасида Россияга кўмак кўрсатишни тўхтатиши лозим», – деб ҳисоблайди Украина ТИВ.

Аввал хабар берганимиздек, Литва мудофаа вазири Арвидас Анусаускас Минскдаги Украина элчисига нота тақдим этилганини изоҳлаб, Россия тактик ядро қуроллари ўрнига Лукашенкони қўллаётгани ҳақида гапирган. Вазирга кўра, бундан кўзланган мақсад имкон қадар кўпроқ Украина кучларини фронтдан Беларусь чегарасига олиб ўтишдан иборат.

Расмий Минск ўтган ҳафта Киевга қарши жиддий айбловни илгари сурди. 4 октябрь куни Беларусь раҳбари Александр Лукашенко хавфсизлик масалаларига оид йиғилишда Украина чегара бўйлаб 15 минг ҳарбий хизматчини сафарбар этгани, улар блокпост ва ўт очиш позицияларини барпо қилаётгани ҳақида гапирди. У, айни чоқда, Польша, Литва ва Латвия ҳам  Беларусь билан чегарада куч йиғаётганини айтган, аммо бу борада далил келтирмаган.

Украина урушида Беларуснинг иштироки масаласи турли баҳсларга сабаб бўлмоқда. Февраль ойида, урушнинг илк кунларида Беларусь Россия ҳарбийлари ва техникасини ўз ҳудуди орқали Украинага ўтказгани маълум. Октябрь ойи бошида Александр Лукашенко Беларусь Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёт»да иштирок этаётгани, аммо у ерга ўз ҳарбийларини юбормагани, одамларни ўлдирмаётганини қайд этган. Уруш бошидан буён Беларусь жанубида парвозлар чекланган. Ўтган 7 ой давомида Беларусь ҳудудидан Украинага ракеталар учирилгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг