Туркманистонда алкоголни чекловчи қонун кучга кирди
Туркманистонда янги қонун кучга кирди, унга кўра аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил қиладиган мазкур мамлакатда алкогол маҳсулотларининг сотуви кескин чекланади, деб хабар берди «TNEWS».
Қонунга кўра, 1 январдан бошлаб поезд, самолёт ва паромларда, шунингдек спорт иншоотларида алкогол маҳсулотлари сотилмайди, шунингдек миллий байрамлар вақтида алкогол сотиш тақиқланади.
2021 йилдан бошлаб шанба ва якшанба кунлари бар ва ресторанлардан ташқари бошқа жойларда алкогол маҳсулотларини сотиш тақиқланади.
«Алкоголнинг зарарли таъсири олдини олиш тўғрисида»ги қонун 2018 йил декабр ойи бошларида қабул қилинди. Ҳужжат матнида таъкидланишича, қонун алкоголнинг зарарли таъсирини олдини олиш мақсадида давлат сиёсатининг хуқуқий, ташкилий ва иқтисодий асосларини белгилаб беради ва фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилишга, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган.
2006 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов ўзини соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси дея эълон қилган. Мамлакат президенти турли спорт турлари бўйича мунтазам равишда ўз маҳоратини намойиш қилиб келади, мамлакатда оммавий спорт ташаббускори ва тамакига қарши курашчи сифатида ўзини кўрсатади.
Мамлакат ҳукумати 2025 йилга бориб, Туркманистонни тўлалигича чекишдан ҳоли бўлган мамлакатга айлантириш режасини эълон қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter