Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркиялик юқори мартабали арбоб НАТО келажаги учун ёмон оқибатлардан огоҳлантирди

Туркиялик юқори мартабали арбоб НАТО келажаги учун ёмон оқибатлардан огоҳлантирди

Профессор Фахриддин Алтун

Дунёдаги энг йирик ҳарбий-сиёсий иттифоқ саналган НАТО айни пайтда имтиҳонли кунларни бошдан кечирмоқда. Синовлардан муваффақият билан ўтиш эса аъзо мамлакатларнинг жипслиги ва бирдамлигига боғлиқ. Туркия президенти девони Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун халқаро анжуманда айнан НАТОнинг бугуни ва келажаги ҳақида гапирди.

Туркиянинг НАТОга аъзолигига 70 йил тўлиши муносабати билан ташкил этилган анжуманда нутқ сўзлаган профессор Ф.Алтун мазкур йирик тузилма ўтган йиллар мобайнида дунёда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш учун улкан ҳисса қўшганини қайд этди.

«Совуқ уруш» даврида шўро салтанатини тийиб туриш мақсадида таъсис этилган НАТО Совет Иттифоқи парчалангач, тарқалиб кетади деган тахминлар айтилган эди. Ф.Алтунга кўра, тусмол-фаразларга қарамай, Шимолий Атлантика альянси «совуқ уруш»дан кейин ҳам янги шароитларга мослаша олди.

Туркиялик юқори мартабали мулозим расмий Анқара НАТОни ҳамиша стратегик ва қадрли иттифоқ ўлароқ кўришини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Туркия НАТО операциялари ва миссияларига энг кўп ҳисса қўшаётган 5 та давлатдан бири саналади; тузилма бюджетига ажратилаётган маблағ борасида эса саккизинчи мамлакатдир.

«Бизнинг қўшин гуруҳларимиздан бири НАТО бошчилигидаги кўпмиллатли тинчликпарвар кучлар – KFOR доирасида Косовода ҳарбий хизмат ўтамоқда. Афғонистонда сентябрь ойида ниҳоясига етган қўллаб-қувватлаш миссияси доирасида биз Кобул халқаро аэропортининг хавфсиз фаолияти бўйича масъулиятни зиммамизга олдик ва эвакуацияларни сўнгги кунига қадар вазифаларимизни бажардик. Бундан ташқари, НАТОнинг Ироқ миссиясига ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз. НАТОнинг бугунги шароитга мослашиш ҳаракатларида ҳам фаол иштирок этмоқдамиз», – дейди Ф.Алтун.

Истанбулда жойлашган 3-корпус қўмондонлиги Тезкор тарқатиш корпуси вазифасини бажармоқда. Анқарада жойлашган Тинчлик йўлида ҳамкорлик ўқув марказида эса 1998 йилдан буён НАТО мамлакатларининг ҳарбий ва фуқаровий ходимларига стратегик-тактик таълим берилмоқда.

Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари расмий Анқаранинг НАТОга аъзо айрим мамлакатларга эътирозларини ҳам баён қилди.

Туркия НАТОнинг жануби-шарқий қанотини ҳимоя қилади. Фото: dpa

«Туркия Сурияда бир вақтнинг ўзида ИШИД ва PKK каби кўплаб террорчи ташкилотларга қарши курашишга мажбур бўлди ва муваффақиятли операциялар олиб борди. Афсуски, терроризмга қарши бу курашда НАТОдаги иттифоқчилардан кутилган ёрдам келмади. Туркия ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда олиб борган бу амалиёт НАТОнинг терроризмга қарши кутилмалари ва глобал террор таҳдидига қарши курашига ҳам кўмак берди. Лекин НАТОдаги баъзи иттифоқдошларимиз Туркияни қўллаб-қувватлаш ўрнига баъзи террор ташкилотлари билан ош-қатиқ бўлишлари, баъзи террор ташкилотларини бошқа террор тўдаларига қарши қўллашга уринаётгани ачинарли ва қабул қилиб бўлмас ҳолдир», – дейди Ф.Алтун.

Қайд этилишича, НАТО давлатлари террор ташкилотларига қарши курашда якдил позицияда бўлмоғи лозим.

«Бундай бўшлиқлар НАТОнинг келажаги учун ёмон оқибатларга олиб келади. Аъзо давлатлар бир-бирининг демократик институтлари ва ҳуқуқий тартибини ҳимоя қилишда иккиланмаслиги шарт», – дейди Туркия президенти девони вакили.

Таҳлилчилар кейинги пайтларда НАТО аъзолари ичида фикрий келишмовчиликлар кучайганига эътибор қаратмоқда. Профессор Алтуннинг наздида,  бу каби инқирозли ҳолатлар НАТОнинг институционал тузилиши билан эмас, балки айрим аъзо давлатларнинг кайфияти билан боғлиқдир.

Шимолий Атлантика иттифоқи «Ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун» ғояси асосида фаолият юритиб келган. Кейинги пайтларда мазкур ғояга терс бориш ҳолатлари кузатилаётганини айтган Ф.Алтун барча иттифоқчилар жамоавий мудофаа мажбуриятига содиқ қолиши муҳимлигини урғулади.

«НАТО, айниқса, сўнгги 30 йил ичида ҳарбий хавфсизликдан кенгроқ маъно касб этди. Биз шунчаки ҳарбий иттифоқ эмас, балки моҳиятан сиёсий манфаатларига эга бўлган халқаро ташкилот ҳақида гапиряпмиз. Терроризмга қарши кураш ҳам, инсон хавфсизлиги масалалари ҳам энди НАТОнинг янги хавфсизлик концепциясининг бир қисми бўлиши керак», – дейди нотиқ.

НАТОга аъзоликнинг 70 йиллиги муносабати билан Туркия ташқи ишлар вазирлиги берган баёнотда ҳам иттифоқ давлатларининг бирлиги ҳамда бирдамлиги муҳим экани таъкидланади. Баёнотга кўра, Туркия иттифоқ доирасидаги ҳарбий-мудофаа мажбуриятларини тўлиқ адо этмоқда ва бундан кейин ҳам хавфсизликни таъминлаш ишига содиқ қолади.  

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса Ироқдан Сурияга, Фаластиндан Ливияга қадар чўзилган инқирозларда НАТО кучли ирода намойиш эта олмаганини таъкидлаб, халқаро тузилма замонавий таҳдидларга ҳозиржавоблик билан муносабат билдириши муҳимлигини таъкидлаб келади.

Эслатиб ўтамиз, НАТО номи билан танилган Шимолий Атлантика иттифоқи 1949 йили 12 давлат (АҚШ, Бельгия, Канада, Дания, Франция, Буюк Британия, Исландия, Италия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Португалия) томонидан таъсис этилган. Туркия мазкур тузилмага 1952 йилнинг 18 февралида аъзо бўлиб кирган. Ҳарбий-сиёсий иттифоқда иккинчи қудратли армияга эга Туркия альянснинг жануби-шарқий қанотини ҳимоя қилади. Расмий Анқара НАТОнинг турли минтақалар, жумладан, Болқон яримороли, Афғонистон, Ироқ, Африка, Қора ва Ўртаер денгизи ҳудудларидаги операцияларида фаол иштирок этган.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг