Туркия вазири Исроил мулозими баёнотига раддия берди
Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатлар буткул тўхтатилиб, инсонпарварлик кўмаги мунтазам равишда етказилиши таъминланмас экан, Туркия Исроил билан савдо алоқаларини тикламайди. Бу ҳақда Туркия савдо вазири Умар Болат Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кацнинг баёнотига жавобан маълум қилди.
Яҳудий давлати мулозими ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Туркия томони Исроил билан қатор савдо чекловларини бекор қилгани ҳақида пост қолдирган эди.
Туркия савдо вазирига кўра, Исраэль Кацнинг ушбу фикри ҳақиқатдан буткул йироқ уйдирмадир.
«Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳужумларини бас қилиш, доимий оташкесим ўрнатиш ва Ғазодаги фаластинлик қардошларимизга мунтазам инсонпарварлик кўмаги етказиш бўйича шартларимиз бажарилмас экан, Исроил билан савдо муносабатларини тўхтатиш қароримиз бекор қилинмайди», – дейди Туркия ҳукумати вакили.
Расмий Анқара Исроилнинг Ғазо секторида минглаб тинч аҳоли вакили қурбон бўлган ҳарбий ҳаракатларини кескин танқид қилиб келмоқда. Тель-Авивнинг халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларига жавобан Туркия жорий йил апрель ойида 54 номдаги саноат товарлари экспортига чеклов жорий қилди.
2 майдан эътиборан эса Анқара яҳудий давлатига барча экспорт ва импортни тўхтатди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter