Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трамп Исроил борасида Конгресс талабига қарши борди

Трамп Исроил борасида Конгресс талабига қарши борди

Трамп Исроил давлатини ҳеч қандай шартларсиз қўллаб-қувватламоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Исроилга 7,4 миллиард долларлик қурол-аслаҳа пакети савдосини маъқуллади. 

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Вашингтонга ташрифи якунида Оқ уй ўз иттифоқчисига навбатдаги қуроллар пакетини етказишга қарор қилган.

Reuters агентлиги Конгрессдаги демократик партияга мансуб қонун ижодкорлари Оқ уйдан қўшимча маълумотлар олингунга қадар қурол савдосини тўхтатиб туришни сўрагани, аммо Трамп бу талабга қарши борганига эътибор қаратган. 

Вакиллар палатаси аъзоси Грегори Микс Оқ уйни йирик миқдорда қурол савдосини тасдиқлашга доир амалдаги тартиб-таомилларни бузиш ва Конгрессга ҳурматсизликда айблаган.

Исроилга етказиладиган навбатдаги қуроллар пакетига ракеталар, бомбалар, дронлар учун эҳтиёт қисмлар ва бошқа аслаҳалар киритилган.  

Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан 2023 йил 7 октябрь куни Ғазо секторига бостириб кирганидан кейин бошланган қирғинбаротда 46 мингдан зиёд фаластинлик, жумладан, 18 мингга яқин болалар ва 12 мингдан зиёд аёллар ҳалок бўлди.

Ғазо секторида Исроил бомбардимонларида минглаб тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани ортидан Oxfam ҳамда Human Rights Watch каби инсон ҳуқуқлари ташкилотлари АҚШдан яҳудий давлатига қурол етказишни тўхтатишни талаб қилди.https://xabar.uz/dpsj

Қўшма Штатлардаги таниқли сиёсатчилардан бири, сенатор Берни Сандерс кўп миллиардлик кўмак беришдан аввал Нетаняҳу маъмурияти зиммасига тинч аҳоли ўлимини камайтириш борасида мажбурият юклашни талаб этган.

Аввалроқ Давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан эди.

Жаҳон матбуоти хабарига кўра, халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, АҚШ Исроилни гоҳ ими-жимида, гоҳ ошкора қуроллантиришда давом этган.

Жорий йил январь ойида Жо Байден маъмурияти ҳам Конгрессни Исроилга 8 миллиард долларлик қурол-аслаҳа сотилиши режасидан хабардор қилганди.

2023 йил декабрь ойида Давлат департаменти икки марта қонун чиқарувчи идора рухсатини ҳам кутмай Исроилга кўп миллион долларлик ўқ-дори етказишни маъқуллаган.

Исроилнинг энг яқин дўсти деб таърифланаётган Трамп президентликка киришганидан буён яҳудий давлати манфаатларини шартларсиз ҳимоя қилувчи бир қатор қарорлар қабул қилди. У, аввало, Байден томонидан жорий этилган Ғарбий Соҳилда зўравонлик ҳаракатларини содир этаётган яҳудий келгиндиларига нисбатан санкцияни бекор қилди. Таҳлилчилар Трампнинг бу фармони Ғарбий Соҳилда яҳудий экстремистларининг зўравонлигини янада кучайтиришидан хавотир билдирмоқда.

Кейинроқ Трамп Ғазо секторини “тозалаш” мақсадида бу ерда яшовчи икки миллиондан зиёд фаластинликни Миср ва Иордания каби давлатларга кўчириш ҳақида ўта баҳсли режани илгари сурди. Исроил расмийлари илгари сураётган Ғазо сектори аҳолисини бошқа ҳудудларга кўчириш ва кейинроқ у ерда яҳудий келгиндиларини жойлаштириш ғоясига ҳамоҳанг янграган бу ташаббус халқаро ҳамжамият, жумладан, АҚШнинг иттифоқчиси Европа Иттифоқи томонидан қораланди.

Куни кеча эса Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни Ғазодаги жиноятлари сабаб ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноят судига қарши санкция жорий қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг