Трамп Эрон ҳукуматини курашчи Афкарини қатл этмасликка чақирди
АҚШ президенти Дональд Трамп «Twitter» орқали эронлик таниқли юнон-рум курашчиси Навид Афкарига тайинланган ўлим жазосини бекор қилишини сўраб Эрон ҳукуматига мурожаат қилди.
Эрон Олий суди бир қанча мусобақалар совриндори 27 ёшли Навид Афкари Санжарини ҳукуматга қарши акцияларда фаол иштирок этгани учун иккита ўлим жазосига ҳукм қилингани тўғрисида хабар бергандик.
«Эшитишимча, Эрон кураш бўйича машҳур ва буюк «юлдуз» — 27 ёшли Навид Афкарини қатл этишга уриняпти. Унинг айби бор-йўғи ҳукуматга қарши кўча намойишларида иштирок этгани ҳисобланади. Ўша намойиш иштирокчилари мамлакатдаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви ва инфляцияга қарши норозилик билан чиқишган. Эрон етакчилари, қатл этишни бекор қилиб, ёш йигитнинг ҳаётини сақлаб қолсаларингиз, миннатдор бўлардим. Раҳмат!», — деб ёзган Трамп.
Юнон-рум кураши бўйича бир неча карра Эрон чемпиони 27 ёшли Навид Афкари ватанга хиёнат қилишда айбланиб, биратўла иккита ўлим жазосига ҳукм қилинганди. Хабарларга кўра, Эрондаги кўпгина спорт арбоблари спортчини ҳимоя қилиб чиқишган. Афкари эса қийноқлар остида жиноятларни тан олгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил декабрдан 2018 йилнинг бошларигача Эроннинг катта-катта шаҳарларида бир неча кун кетма-кет норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Оломонни тарқатиш пайтида 25 киши ҳалок бўлган, 400 киши ҳибсга олинган. Республика президенти Ҳасан Руҳоний ўшанда норозилик намойишлари мамлакатнинг ички муаммоси ва бошқа давлатларнинг даъвоси туфайли келиб чиққанини маълум қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter