Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент кинофестивалига келган актрисанинг аянчли тақдири

Тошкент кинофестивалига келган актрисанинг аянчли тақдири

Ҳинд киноактирсаси Парвин Баби актёрлар Амитабх Баччан, Шаши Капур, Дхармендра ва Житендра билан жуфтликда роллар яратди. У фаолиятининг чўққисида Болливуднинг энг мафтункор ва серқирра чеҳраси саналиб, ўз даврининг гўзаллик маъбудасига айланди. Парвин Болливуд осмонида Зинат Омон билан билан бир мавқеда бўлиб, ҳар иккиси фильмлардаги қаҳрамонлар тимсолини ўзгартиришга ҳаракат қилди. Бу актриса деярли барча мода журналларининг муқовасида акс этарди. Болливуд актрисаларидан TIME журнали муқовасида биринчи пайдо бўлган ҳам айнан Парвин Баби саналади. У машҳур актёр ва режиссёр Раж Капур билан Тошкент кинофестивалига ташриф буюрган, Бобомурод Ҳамдамовнинг қўшиқларига рақс тушган. Афсуски, Парвина Баби умрининг ниҳояси аянчли кечди.

 Князнинг қизи

Парвин Баби (Вали Муҳаммад Хон Баби) 1949 йил 4 апрелда Ҳиндистоннинг Гужарат штати Жуганадх шаҳрида мусулмон оиласида туғилган. У оилада ягона фарзанд эди. Ота-онаси бир-бирини қаттиқ севар, Парвингача зурриёдлари бўлмаган, унинг туғилишини 14 йил кутишганди.

Оила бошлиғи Жуганадх шаҳри маъмури ва князи бўлиб, севимли қизининг таълим олиши учун бор кучи ва маблағини аямади. Қизалоқ учун олийнасаб фамилияларга хос барча шарт-шароит муҳайё қилинди: Парвин Аҳмадободдаги нуфузли мактабга қатнади, бу даргоҳни битиргач, Авлиё Ксавьера коллежида таҳсил олди.

Вояга етган Парвин Бабининг фаолияти 1972 йили моделликдан бошланди. Барби қўғирчоғи кўзларига эга қиз бир қарашданоқ режиссёрларнинг ҳам назарига тушди. 1973 йили у «Чаритрa» фильмида суратга тушди ва ўн уч йил мобайнида зангори экран осмонида порлаб турди (мазкур киноасар атрофидаги ғавғолар узоқ вақт тинмаган).

Парвин Баби ҳақиқатан мафтункор эди. У тарихий фильмларда ҳам роллар ўйнай бошлади. Мухлислари сафи кенгайди. Парвин Баби кинода сафдоши Зинат Омон каби эрига итоаткор бўлмаган, ўзини уддалайдиган замонавий қизлар тимсолини яратди. Айнан улар бир хилдаги қотиб қолган роллардан воз кечиб, Болливудда чинакам инқилоб ясашганди.

Актрисани Феруз Хон, Санжай Хон, Ражендра Кумар жуфтлигида роль ўйнашга ҳам таклиф қилишарди. Парвин энг кўп ролни Амитабх Баччан билан ижро этган. У Баччан жуфтлигида 8 та, жумладан, «Мажбур» (1974), «Девор» (1975), «Амар, Акбар, Антони» (1977), «Suhaag» (1979), «Туз ҳалол» (1982), «Калиа» (1983) фильмларида бирга роль ўйнади. Ўшанда Парвиннинг, ҳатто Амитабх билан ишқий саргузаштлари ҳақида овозалар тарқади, бироқ бу фақат қуруқ гап-сўзлар бўлиб чиқди.

 Айни шон-шуҳрат чўққисида...

Машҳур актрисага кўз тегдими, Парвин фаолиятига путур етди. Унинг саломатлиги яхши эмас эди. Актрисани суратга олиш майдонидан жазавага тушган ҳолда олиб кетадиган бўлишди. Парвиннинг нима учун асабийлашаётгани номаълум эди. Шу тарзда у айни шон-шуҳратининг чўққисида тўсатдан кўринмай қолди. Кинодан махфий равишда ғойиб бўлгани сабабини очиб бера олмаган матбуот аввалги хатти-ҳаракатларига қараб, уни «ақлдан озган» деб эълон қилди.

Парвина бир вақтлардаги машҳур актриса Мина Кумари каби кўп ича бошлади. Мина Кумари 70 – 80-йилларнинг машҳур юлдузи бўлиб, турмуши яхши кечмаган, бир ўзи яшаган. Парвин эса Мина Кумаридан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон турмушга чиқмади, аммо ҳаддан зиёд эмин-эркин яшади. У нафақат экранда, балки ҳаётда ҳам эркин турмуш тарзини олиб борди.

1979 йил сентябрь ойида Парвинда руҳий касалликнинг илк аломатлари намоён бўлди. 1984 йили у даволаниш учун Лондонга учди. Ўша йилнинг 7 апрелида Парвин Нью-Йоркдаги Жон Кеннеди халқаро аэропортига қўнган самолётда эди. Ундан ҳужжатларини сўрашганида жазавага тушиш билан жавоб берди: сумкалар ҳар томонга учди, кириш-чиқиш жойидаги айланма ғов дабдала бўлди, авиайўналиш ходимларига нисбатан ҳақоратлар ёғилди. Натижада тўрт нафар полициячи қуршовидаги қўлига кишан урилган Болливуд суперюлдузини руҳий касалликлар шифохонасига олиб кетишди. У ерда бир неча йил шизофрениядан даволанди.

Полиция ўқ узган қиз

1998 йили Парвин Баби Ҳиндистонга қайтди, аммо бир вақтлардаги мафтункор актриса энди дўндиқ аёлга айланган эди. У таниб бўлмас даражада тўлишганди. Парвин ўзининг руҳий хасталигини рад этар экан, бу гаплар киноиндустрия ва оммавий ахборот воситаларининг уни бадном қилиш учун чиқарган фитнаси эканлигини таъкидлади. Улар ўз жиноятини яшириш учун актрисани бадном қилмоқчи бўлган эмиш!

Парвин бир нечта чет эллик меҳмонлар ва ҳинд киноси артистларини уни ўлдиришни мақсад қилганликда айблади (бу рўйхатга Амитабх Баччан, Билл Клинтон, Роберт Редфорд, шаҳзода Чарльз, Альберт Гор, МҚБ, КГБ тушган). 2002 йили эса у Санжай Даттни 1993 йил 12 март куни Бомбейда уюштирилган қатор терактларга алоқадорликда айблаб судга берди.

Ҳар ҳолда Парвин киноиндустрия эътироф этган «териси қалин» бўлишдек ҳаёсизлик, сурбетликкача бормаган эди. Дарвоқе, Парвин билан яқин муносабатда бўлган режиссёр Махеш Бхатт актрисанинг руҳий касаллигидан манба сифатида ўзининг «Артх» фильмида фойдаланди. Унда бош ролни режиссёрнинг қизи Пужа Бхатт ижро этган. Фильм ниҳоясида телбага айланган қаҳрамон қиз полициячилар томонидан отиб ўлдирилади.

Тошкентда берилган савол

– Мен Парвинни Тошкентдаги «Ўзбекистон» меҳмонхонаси фойесида кўргандим, – дейди кинотанқидчи Ю.Корчагов. – Унинг ёнига дадил яқинлашдим ва сўрадим: «Сизнинг актрисалик фаолиятингиз қайси фильмдан бошланган?» Шунда Парвин менга дарғазаб бўлиб тикилди ва лом-мим демади. У жуда асабий ва тажанг кўринарди. Шундан сўнг Капурнинг бир неча фильмлари сценарийнависи В.П.Сатхе менинг ёнимга келди ва деди: «Ёш актрисани нега хафа қиляпсиз? Ҳиндистонда журналистлар шундоқ ҳам бу фильм учун унга тинчлик беришмайди-ку!»

Парвин умри мобайнида фақат бир кишига кучли боғланган – у узоқ йиллар Кабир Бедини севиб юрди (ўзбек киномухлисларига Рекха ўйнаган «Қасос ўти» фильми орқали яхши таниш актёр). Улар бир-бирларини севишарди, бироқ Кабир Парвиннинг «бўса»сига ўзининг фақат ёноғини тутди, холос. Актриса Кабирнинг ортидан қолмас, ҳатто у билан Италияда бирга яшаган ҳам (ўшанда актёр «Сандокан» сериалида суратга тушаётганди). Парвин бу ҳаракати самарасиз эканлигини биларди. Ҳиндистонда эса ажойиб фильмларда иштирок этиши учун уни олтита шартнома кутаётганди (жумладан, «Амар, Акбар, Антони»). 70-йилларнинг охирида Парвин Баби ва Кабир Беди дўстлардек хайрлашдилар. Айтишларига кўра, Парвин Баби Махеш Бхатт ва Денни Денгзомпа билан ҳам эҳтиросли ишқий муносабатлар ўрнатган.

Шу ўринда актёр Боб Кристо («Диско раққоси»даги тақирбош зўравон) ҳақида айтиб ўтиш керак. Ҳақиқий исм-шарифи Кристофайдис Алиас, келиб чиқиши грек бўлган Боб Кристо аслида Австралияда туғилган. У Бомбейга ҳинд актрисаси Парвин Баби билан танишиш учун келганди. Боб Кристо Парвин билан муносабат ўрнатолмади (у 2011 йил 20 март куни вафот этди).

Умрининг сўнгги уч йили мобайнида Парвин Баби одамлардан узилган ҳолда, мутлақ узлатда яшади. У барча-барчадан манзили ва телефон рақамини сир тутди. Парвин онаси вафот этган вақтдан эътиборан ёлғизликда истиқомат қилар, Болливуддан ҳеч ким уни йўқламасди  (отаси Вали Муҳаммад Бахти Баби 1959, онаси Жамила Бахти Баби 2002 йили вафот этишганди).

Парвин руҳиятидаги кучли салбий ўзгаришлар шунга олиб келдики, у ўзига юлдуз-ҳамкасблари тажовуз қилиши, хусусан, Амитабх Баччан ўлдирмоқчи эканлигидан қўрқиб яшади.

Даҳшатли ташхис

Парвин Баби 2005 йилнинг 20 январида 55 ёшида ҳаётдан кўз юмган. Сутчи икки кундан буён бўсағада қолдирган сут ва газеталарни актриса олмаётганини айтиб қўнғироқ қилган ва полиция бу хонадонига келган эди. Полиция Парвиннинг путурдан кетган уйига кирганида фотосуратлар, кийим-кечак, ногиронлик аравачаси ва дори-дармонлар назоратсиз сочилиб ётарди (актриса охирги кунларда юролмай қолган, шу боис ногиронлар аравасига ўрнашганди). Унинг мурдаси абгор аҳволда эди. Парвин қандли диабетдан қийналар, бу касаллик чап оёғининг гангренаси ва бошқа хасталикларга дучор қилганди. У шорт кийиб олганди. Синчков текширув олиб борилди ва ҳеч қандай суиқасд аломатлари топилмади.

– Бу Болливуднинг энг мафтункор чеҳраси ҳаётининг аянчли хотимаси эди, – дея эслайди Парвин Баби ўлимини ўрганган Жух полицияси ходими Бабурао Авад.

Парвиннинг қўшниси актрисани бор-йўғи 15 марта кўрганини таъкидлади. «Биз унинг руҳий касалликдан азият чекаётганини билардик, – деди у. – Яккаю-ягона дўсти бўлган онаси вафот этгач, аҳволи янада оғирлашди».

Актрисага сут сотган кишининг ҳам Парвинга тегишли хотиралари маҳзун: «Хонимнинг ҳолати ёмон эди. Мен ҳар икки кунда унинг  эшиги олдида сут қолдириб кетардим. Хонимга нима бўлганини билиб, ёрдам беришни истардим, бироқ у эшикни барибир очмади. Ўлимидан бирмунча аввал эшиги очилганини эшитганимда шу бинода эдим. Мен беркиниб, аравачадаги хоним не-не умидсиз қиёфада ва қийналган аҳволда газеталар ва сутни олаётганига кўзим тушди. Кейин у эшикни ёпди».

Ўлим сабаби ўнг оёқ сатҳи гангренасидан бошланган диабетнинг оғир шакли эди. Парвин Бабининг мурдаси ёриб кўрилганида ошқозонида ҳеч қандай озуқа йўқлиги аён бўлди, аммо алкоголь бор эди (бу дори туфайли бўлса керак). «У уч кун мобайнида ҳеч нима емаган ва очликдан ўлгани аниқ, – деди мурдани текширган шифокор. – Актриса гангренадан азоб чеккан ва буйрак етишмовчилигидан ўлган».

 Мурод Хон ким?

Парвин Баби ҳаётда шунчалик ёлғиз бўлганки, ўлими ошкор қилинганидан сўнг икки-уч кун ўтиб ҳам мурдасини ҳеч ким сўраб келмади. Ҳатто Парвинга тегишли мол-мулкка (миллион доллар атрофида) ҳеч ким даъвогарлик қилмади. Фақат кейинроқ холаси ва аллақандай холаваччалари хайрия учун унинг номида жамғарма очишни эълон қилишди...

Парвин Баби 2005 йилнинг 23 январида Шастри Нагардаги Сантакруз Имом Муслим қабристонидаги онасининг қабри ёнига дафн этилди. Уни кўмиш маросимига ҳаётда севган икки киши ташриф буюрди: Кабир Беди ва Махеш Бхатт. Бироқ экрандаги бирортаям қаҳрамони сўнгги манзилга кузатишга келмади.

Полиция Парвин Бабининг ҳеч қандай васиятномаси топмади. Шу боис унинг уйини кимнинг номига ўтказиш масаласи муаммога айланди. Бомбейнинг нуфузли ҳудуди ҳисобланмиш Жухудаги ушбу муҳташам уй 10 миллион рупийга баҳоланган (майдони 2 минг кв. фут). Парвиннинг болалиги ўтган Жунагархдаги яна бошқа кўчмас мулклар ҳам бор эди.

Полиция меросга даъвогарлик қиладиган қариндошлар келгунича Парвин Бабининг уйи ҳамда унинг отаси яшаган Гужарат штатидаги турар-жойни муҳрлаб қўйди. Актрисанинг ўлимидан уч ой вақт ўтиб, ниҳоят ўгай укаси Мурод Хон пайдо бўлди (унинг онаси ва Парвин Бабининг волидаси отасининг акасига насаб жиҳатидан қандайдир ўгай опа-сингиллар эдилар, аниқроқ айтганда, еттинчи авлодга тегишли кишилар). Мурод Хон Жунагарх судига Парвин ўз мулкининг 70 фоизини келгусида ташкил этиладиган жамғармага ўтказишини ёзиб қолдирган васиятномани тақдим этди.

Мазкур жамғарма тасарруфига, актрисанинг кўчириб бўладиган ва кўчмас мулклари, банкдаги ҳисоби, пўлат сандиқдаги анжомлари ва тақинчоқлари ҳам киритилди. Парвин бисотининг 10 фоизини диний мақсадларга, 20 фоизини эса Мурод Хон ихтиёрига бериш васият қилинганди.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг