Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Афғонистон: ичкари ва ташқаридаги воқеалар хроникаси

Афғонистон: ичкари ва ташқаридаги воқеалар хроникаси

Толибонлар президент саройида. 15 август, 2021 йил

Хабарингиз бор, «Толибон» ҳаракати аллақачон пойтахт Кобулга кириб бўлди ва ҳукуматни тинч йўл билан таслим қилди. Қуйида Афғонистондаги воқеалар ривожи бўйича онлайн хабар бериб турдик.


21:59. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров телефон орқали АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди.

21:40. Радио ва ТВ одатдагидек ишламоқда: янгиликлар, кино, спорт дастурлари эфирга кетяпти. Кўпчиликда сунъий йўлдош антеннаси бор. Аммо айрим дастурларда ўзгаришлар кузатилган: кўнгилочар кўрсатувлар ўрнига диний дастурлар қўйилмоқда.

21:30. Буюк Британия «Толибон»га қарши санкция киритиш масаласини кўриб чиқиши мумкин, дея маълум қилди мамлакат ташқи ишлар вазири Доминик Раар.

21:22. «Россия ҳозирча толибларнинг аёлларга нисбатан ёмон муносатини кўрмади, Кобулда қизлар мактаби иш бошлади.Ғани ҳукуматидан кўра толибонлар ҳақида одамларнинг фикри ижобий», демоқда Россиянинг Афғонистондаги элчиси Дмитрий Жирнов.

21:13. Кобул аэропортидаги тартибсизликларда ҳалок бўлганлар сони 10 кишига етди, демоқда ToloNews.

21:05. Кобул халқаро аэропорти хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳарбий ва фуқаролик самолётларини қабул қилмай турибди.

20:31. Толибон вакиллари янги давлатни тузиш режаси бўйича халқаро ҳамжамият ва бошқа афғон сиёсатчилари билан маслаҳатларни бошлаб юборди.

20:22. Бу орада эса БМТнинг Хитойдаги вакили сўзларига кўра, Пекин толибонларнинг янги ҳукумат тузиш мажбуриятларини бажаришини кутяпти.

20:17. АҚШ расмийлари Афғонистондаги америкаликларга нисбатан бўладиган ҳар қандай қаршиликка тез ва кучли зарба билан жавоб қайтаришга ваъда берди.

20:12. «Россия Афғонистонда тез ўзгараётган вазиятни диққат билан кузатмоқда. Айни пайтда бизни Афғонистон томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган террорчилик ҳаракати хавотирга соляпти», деди БМТнинг Россиядаги доимий вакили Василий Небензя.

20:05. БМТ доимий вакили Ғулом Исҳоқзай Афғонистон Ислом Амирликларини (толибон давлатининг янги номи) тан олмасликка чақирмоқда.

20:02. Афғонистонда 30 йилдан бери фаолият олиб бораётган Халқаро қизил ярим ой жамияти ҳозир ҳам бу ердан кетмаслигини ва ишини тўхтатмаслигини эълон қилди.

19:58. Толибонлар Кобул аэропортида 60 дан ортиқ одамни ҳибсга олган, уларнинг айтишича, ҳибсдагилар ўғриликда гумон қилиняпти.

19:55. Associated Press хабарига кўра, Кобул аэропортидаги тартибсизликларда ҳалок бўлганлар сони 5 тадан 7 тага етди.

19:49. АҚШ толибонларга Афғонистондан кетмоқчи бўлганларга тўсқинлик қилмаслик талабини қўйди. Бу орада эвакуация тадбирлари қайта тиклангани хабар қилинди.

19:41. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Афғонистондаги барча томонларни одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун бор имкониятларини ишга солишга чақирди. Шунингдек, барча давлатлар афғон қочоқларини қабул қилиш ва депорт этмасликка тайёр туришлари кераклигини айтди.

19:37. Толибонлар қасос олиш мақсадида уйма-уй изғиб юрмоқда, Кобул аҳолиси қўрқув ичида қолди, демоқда БМТнинг Афғонистондаги доимий вакили Ғулом Исҳоқзай.

19:33. CNN хабарига кўра, Кобул аэпортида бир америкалик аскар ўқдан яраланган.

19:30. АҚШ вакиллари жангарилар билан шахсан учрашиб, эвакуация жараёнларига халақит бермасликни масаласини муҳокама қилмоқчи, дея хабар берди Associated Press.

19:25. Россия ташқи ишлар вазирлигининг айтишича, Россия Афғонистоннинг янги ҳукумати билан ишчи контактларни ўрнатган.

19:21. Кобул шаҳридаги барча афғон байроқлари туширилди.

19:16. АҚШ аскарлари Кобул аэропорти ҳудудида икки эркакни отиб ташлаган, бея хабар тарқатди WSJ журнали.

19:05. АҚШ ҳисобрақамларида сақланаётган афғон захиралари, активлар ҳеч қачон толибонларга берилмайди, дея маълум қилди АҚШ маъумрияти вакили.

18:48. АҚШ аскарлари Кобул аэропортидан ҳарбий итларни ҳам эвакуация қилмоқда. Шунча афғон фуқаролари самолётга етишолмаётган бир пайтда бу ҳолат катта эътирозларга сабаб бўлди.

18:44. Россиянинг Аэрофлот ва Аirbridgecargo авиакомпаниялари Афғонистон осмонидаги парвозларини тўхтатди.

18:37. АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан толибонларнинг ғалабасида афғон ҳарбийларини айблади. Унинг айтишича, афғон армияси Кобул учун курашишни истамаган пайтда фуқаролар урушига аралашиб қолиш Америка учун ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин эди.

18:33. Толибонлар БМТ хавфсизлик кенгашини ўзларини замонавийлашган одамлар сифатида ишонтира олса, террорчилар рўйхатидан чиқарилиши мумкин, деди Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов.

18:28. Германия канцлери Ангела Меркел Афғонистондан ғарб аскарларининг чиқиб кетишини НАТО ташкил топгандан бери энг катта мағлубият деб атади.

18:21. Фаластиннинг «Ҳамас» ҳаракати толибонларнинг ҳукукматни эгаллагани ва АҚШ аскарларини қувиб чиқаргани билан «Толибон»ни табриклади. Эрталаб иккала ҳаракат раҳбарлари Доҳада учрашгани ҳақида ёзгандик.

18:05. АҚШ президенти Жо Байден яқин соатлар ичида Америка қўшинининг мағлубияти ва толибонлар ҳукуматига оид баёнот бериши кутиляпти.

17:58. Толибонлар барча давлат хизматчиларидан ўз иш жойига қайтишларини сўрамоқда ва уларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланишига ваъда беришяпти.

17:46. Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган афғон ҳарбий самолёти Ўзбекистон ҳаво мудофааси тизими томонидан уриб туширилгани айтилмоқда.

17:33. British Airways, Lufthansa, Singapore Airlines, Air France ва Virgin Atlantic самолётлари хавфсизлик нуқтаи назаридан Афғонистон осмонидан учиб ўтмайдиган бўлди. Уларга парвоз йўналишларини ўзгартириш тавсия қилинган.

17:24. АҚШ армияси эвакуация ишларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди. Чунки афғон фуқароларидан иборат катта оломон парвозга халақит берган.

17:15. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ОАВ департаменти бошлиғи Баҳром Зулфиқоров Xabar.uz сўровига жавобан Сурхондарёдаги самолёт ҳалокатини тасдиқлаб, чегарани ноқонуний бузиб кирганини маълум қилди.

16:42. Британия бош вазири Борис Жонсон бугун Афғонистон масаласида зудлик билан КОБРА йиғилишини ўтказадиган бўлди. (COBRA – нозик масалаларни тор доирада муҳокама қиладиган хона)

16:25. «Ўзбекистон ОДКБ таркибига кирмаса-да, агар Афғонистон чегарасидан бирорта хавф туғилса, ўзаро келишувга кўра, Россия Ўзбекистонни ёлғизлатиб қўймайди», деди Халқаро ишлар бўйича федерация кенгаши қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Владимир Жабборов.

16:20. Агар вазият кескинлашиб, толибонлар Тожикистонга хавф соладиган бўлса, ОДКБ (Жамоавий хавфсизлик келишуви ташкилоти) тожик ҳукуматига ёрдам беришини билдирди.

16:12. Кун сурати: Кобул аэропорти деворидаги киши аэропорт ҳудудига кириш учун кичкина қизалоққа ёрдам беряпти, 16 август, 2021 йил.

15:44. Ашраф Ғани ўтирган самолёт кеча Тожикистон ҳаво йўлларини ноқонуний кесиб ўтгани ҳақида хабарлар тарқалди. Эслатиб кетиш керак, тожик ҳаво йўлларини Россия ҳаво кучлари қўриқлайди.

15:30. «АҚШ қўшинларининг Афғонистондаги мағлубияти минтақада мунтазам тинчликка замин яратади», деди Эрон президенти Иброҳим Раиси.

15:23. Ашраф Ғани кеча Тожикистонга учганда тожик аэропорти унинг самолётини қабул қилишни истамаган. Шунинг учун у Уммонга учган.

Сўнгги хабарларга кўра, Ашраф Ғани АҚШга кўчиб ўтиши кутиляпти.

15:15. Афғонистонни тарк этишни истаган фуқаролар айни пайтда Кобул аэропортида.

15:04. Кобулдаги элчихоналарини ёпмаган давлатлар: Ўзбекистон, Россия, Покистон, Туркия, Хитой.

14:48. Сурхондарёда ҳалокатга учраган самолёт Афғонистон ҳаво кучларига тегишли бўлгани аниқланди. A-29B Super Tucano русусмли мазкур самолёт мамлакатдан Ўзбекистонга қочиб ўтаётганда ҳалокатга учраган.

14:28. Мамлакатни тарк этишни истаган афғон фуқаролари АҚШ самолётига осилиб чиққан ва лайнер ҳавога кўтарилгач, айримлари ерга қулаган.

14:16. Ашраф Ғани 4 та машина тўла пуллари билан қочгани айтилмоқда. Унга сиғмагани вертолётга жойланган, яна ортиб қолган учиш майдончасига сочилиб кетган.

14:01. Толибон жангарилари катта қурол-яроғ омборини қўлга киритгани ҳақида хабарлар тарқалди.

13:53. Хитой Афғонистоннинг янги ҳукумати билан дўстона муносабатлар ўрнатишга тайёрлигини билдирди.

13:34. Кобул аэропортидаги тартибсизлар изига тушмаса, толибонлар аралашишга мажбур бўлишини билдирди. Айрим хабарларда АҚШ аскарлари одамларга ҳам ўқ узгани айтилмоқда.

13:16. Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ҳудудига Афғонистонга тегишлилиги айтилаётган ҳарбий самолёт қулагани ҳақида хабарлар тарқалди.

13:11. Кобул аэропортидаги тартибсизликларда 5 фуқаро ҳалок бўлгани айтилмоқда, улар самолётга чиқишга уринган оломон тагида қолиб кетган.

12:59. Франция (суратда) ва Германия ўз фуқароларини Кобулдан эвакуация қилишни бошлади.

12:50. Туркия Кобулга борадиган ва у ердан учадиган барча парвозларни бекор қилди.

12:43. Россия ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг янги ҳукуматини тан олмаслигини билдирди.

12:37. Толибонлар Кобулни босиб олган кундан кейинги ҳаёт.

12:23. Ашраф Ғани Уммонга кетгани ҳақида яна хабар тарқалди. У кеча Тожикистон осмонида бир неча бор айланиб, кейин Уммонга қараб йўл олган. Абдурашид Дўстумнинг қизи Роҳила Дўстум ҳам унинг Уммонда эканини ёзган.

12:06. Ҳозирда Кобулда ҳаёт одатдагидек давом этмоқда, деб хабар берди Рейтерс.

11:56. Кобул аэропортидаги тартибсизликларда бир неча фуқаро ҳалок бўлгани айтилмоқда. Ижтимоий тармоқда суратлар ҳам тарқалди, аммо улар қандай ўлгани аниқмас: оломон тагида қолганми ёки АҚШ аскарлари ўқиданми ўлганми.

11:52. Ҳозирги пайтда Кобул аэропортидан барча тижорий парвозлар бекир қилинган, фақатгина ҳарбий самолётларга рухсат берилган. Лекин улар ҳам парвоз йўлаклари одамлар билан тўла бўлгани учун учиб кетолмаяпти ёки қўнолмаяпти.

11:50. «Илтимос, аэропортни вайрон қилманг», дея баёнот берди Кобул халқаро аэропорти маъмурияти.

11:44. Мавзуга оид карикатура: толибон АҚШнинг 20 йиллик ҳужумига барҳам берди.

11:32. Ашраф Ғани самолёти Тожикистон ҳудудига қўнгани йўқ, демоқда тожик ташқи ишлар вазирлиги.

11:21. Британия ташқи ишлар вазирлигининг баёнотига кўра, толибонлар Афғонистонни тўлиқ назоратига олганига қарамай, улар ортга чекинмоқчи эмас.

11:13. Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Ашраф Ғани Қозоғистонда эмас.

11:06. Кобул аэропортидаги хаос: одамлар мамлакатни тарк этиш мақсадида самолётга чиқиш илинжида.

10:59. «Марказий Осиёнинг оловли нуқтасида ҳукмрон куч, ғоя ўзгарди. Толибон қудратга эга бўлди. Бу ҳолат, менинг назаримда, толибоннинг ютуғи эмас, унинг жуда қудратли ҳарбий кучга эгалигини англатмайди. Аввалги ҳукумат, раҳбарият афғон жамиятида ўзаро мувозанатни бузганининг ҳосили, оқибати, деб қарайман. Хуллас, давлат бой берилди, ноқобил тизим шу оқибатга олиб келди», деди Ўзбекистон президентлигига номзодлардан бири, Экопартия раҳбари Нарзулла Обломуродов.

10:54. Толибонлар оммавий амнистия эълон қилишди. Унга кўра, Афғонистонга қайтмоқчи бўлган ҳар қандай афғон фуқароси муаммосиз қабул қилинади. «Афғонистонда янги қуёш чарақлаяпти», деган толибон вакили.

10:48. Кобул халқаро аэропорти, америкалик аскарлар ва афғон халқи.

10:41. Кеча толибонлар барча маҳбусларни озод қилганди. Қамоқдан чиққанлар ичида покистонлик толибонлар гуруҳи етакчиси Фақир Муҳаммад ҳам борлиги айтилмоқда.

10:22. Толибонлар Қундуз авиабазасини ҳам қўлга киритишди ва Ми-35 ҳарбий вертолётини қўлга киритишди. 2 йил олдин Ҳиндистон бу вертолётни Афғонистонга совға қилганди.

10:16. АҚШ аскарлари Кобул аэропортида ҳавога ўқ узишди. Чунки катта оломон парвоз йўлагини тўсиб қўйганди.

10:12. Абдулғани Бародарга оид қизиқ хабар: Покистон уни 2010 йилда қамоққа олган. 2018 йилда Трамп босими билан қўйиб юборган.

10:08. Қуйидаги харитада толибон босиб олган ерлар кўрсатилган. 10 июль ва 15 август саналари солиштирилган.

10:01. Мулла Абдулғани Бародар ўзини Афғонистон Ислом Амирликлари президенти деб эълон қилди.

09:54. Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон Афғонистонга тинчликни қайтариш учун имкони борича ёрдам беришини айтди.

09:47. Ижтимоий тармоқда АҚШ билан боғлиқ яна бир сурат тарқалди. Унда 1975 йилги Вьетнам ва 2021 йил Афғонистон тасвирланган.

09:40. Шунчаки маълумот учун, кеча Ҳиндистонда мустақиллик куни эди. Бугун эса Наврўз, ҳиндча янги йил бошланди.

 

09:32. Кўплаб толибонлар эрталабдан Кобул шаҳрига кириб келишмоқда.

 

09:22. Ижтимоий тармоқда 1973 йил Кобулда олинган сурат тарқалди.

 

09:14. Толибонлар президент саройини эгаллагач, уруш тугаганини эълон қилишди. Бундан буён фуқаролар бехавотир яшашлари мумкинлиги айтилмоқда.

09:02. Оқ уй ёнида афғон фуқаролари намойиш билан чиқишди. Улар толибонлар ҳокимиятига қаршилигини кўрсатишмоқда.

08:45. АҚШ президенти Жо Байденнинг баёнотини ҳамма кутмоқда. Аммо ҳозирча бу ҳақда хабар йўқ.

 

08:23. Қатарнинг Доҳа шаҳрида Афғонистон Ислом Амирликлари депутати Мулла Бародар Охунд бугун Ҳамас сиёсий идораси раҳбари Исмоил Ҳания билан учрашди.

08:10. Кобулда эрталабки ҳаёт. Қизлар одатдагидек мактабга кетишяпти.

08:05. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш толибонларни инсон ҳуқуқларини поймол қилмасликка чақирди. Айни пайтда БМТ афғон халқига ёрдам бериш тараддудини кўряпти.

07:55. АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Афғонистон ҳукуматининг мағлубиятида амалдаги президент Жо Байденни айблаб чиқди (эл қатори). Унинг фикрича, Америка тарихидаги шармандали мағлубият учун Байден истеъфога чиқиши керак.

07:49. Толибонлар президент саройида. Суратни AP фотомухбири олган. 15 август, 2021 йил.

07:42. АҚШ қуролли кучлари генерали Кеннет Маккензи кеча Доҳада толибонлар раҳбарияти билан учрашгани маълум бўлди. Улар Америка қўшини эсон-омон мамлакатни тарк этишини, агар қаршилик кўрсатилса, «ҳаводан ҳужум қилиб», аяб ўтирмаслигини айтган.

07:40. Амеркалик конгрессмен Адам Кинзингернинг айтишича, Афғонистондан АҚШ қўшинларининг чиқиб кетиши мамлакат келажакда террорчилар учун масканга айланишига замин яратади.

07:38. Саудия Арабистони Кобулдаги элчихонасининг барча ходимларини эвакуация қилди. АҚШ элчихонасининг деярли барча ходимлари ҳам Кобулни тарк этди.

07:35. Толибонлар Афғонистон давлат телевидениесини қўлга олиб, у орқали аҳолига мурожаат қилди. Улар аҳолини ваҳима қилмасликка чақиргани айтилади.

07:31. Нью-Йоркдаги афғон диаспораси толибонларга қарши намойиш қилишди. Митингчилар қўлида Афғонистон байроғи билан «Толибон»ни тўхтатинг», «Афғонларни ўлдиришни тўхтатинг» деб ёзилган плакатлар кўтариб чиқишди.

07:28. Пентагон Кобулдаги АҚШ қўшинини кўчиришга ёрдам бериш учун қўшимча мингта аскар юборди.

07:26. Финландия Кобулдаги элчихонасини ёпди. Ташқи ишлар вазирига кўра, вазият бунчалик тез ўзгариб кетишини кутишмаган (буни толибонлар ҳам кутишмагандир). Дипломатик вакиллар эвакуация қилинди.

07:24. Афғонистон ҳукуматининг ағдарилишида АҚШ амалдорлари Жо Байденни айбдор қилмоқда. Масалан, Конгресс вакиллик палатасининг қуроллик кучлар бўйича қўмитасининг катта республикачиси Майк Рожерс Жо Байден ва вице-президент Камола Ҳаррисни «бошқарувдаги тарихий нўноқлик» деб атади.

07:22. Афғонистондаги вазият бўйича онлайн трансляцияни давом эттирамиз. Биздан узоқлашманг, бугун янада қизиқарли бўлади.

Бугунги онлайн трансляциямиз шу ерда вақтинча тўхтатилади. Воқеалар ривожини эрталаб давом эттирамиз...

23:55. Президент Ашраф Ғани рафиқаси ва икки маслаҳатчиси билан Ўзбекистонга боргани ҳақида New York Times нашри хабар тарқатмоқда.

23:43. Толибонлар Кобулнинг барча туманлари устидан назорат ўрнатди, дея маълум қилди ҳаракат расмий вакили Ariana News телеканалига.

23:35. Қочоқлар Кобул аэропортида самолётларга қандай ташланаётганини қуйидаги видеода кўришингиз мумкин:

23:28. Франция қуролли кучларининг иккита самолёти Бирлашган Араб Амирликларига йўл олди, у ердан Афғонистонга учади ва француз фуқароларини эвакуация қилади.

23:22. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Афғонистондаги вазият бўйича эртага, 16 август куни БМТ хавфсизлик кенгаши мажлисида нутқ сўзлайди.

23:19. Президент Ашраф Ғани ортиқча қон тўкилишининг олдини олиш учун мамлакатдан чиқиб кетганини билдирди.

23:16. Кобулда бир нечта портлашлар кузатилди, дея хабар тарқатди 1TV телеканали.

23:13. Туркиянинг Кобулдаги элчихонаси шаҳардаги вазиятга қарамай, ўз фаолиятини давом эттиради, дея хабар берди Туркия ташқи ишлар вазири Маҳмуд Човушўғли Anadolu агентлигига.

23:10. Россиянинг Кобулдаги элчиси душанба куни «Толибон» вакиллари билан учрашади.

23:05. Кобулдаги президент саройи яқинида портлаш содир бўлди, деб хабар тарқатди Al Jazeera телеканали.

23:02. «Биз Кобулдаги барча элчихоналар, дипломатик вакиллар ва хорижий фуқаролар учун тўлиқ хавфсизликни таъминлаймиз. Кобулда турган ҳамма шуни билсинки, уларга ҳеч нима хавф солмаяпти», деб ёзди толибонларнинг расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид Твиттер саҳифасида.

22:55. БМТ Хавфсизлик кенгаши Афғонистондаги вазиятни душанба куни эрталаб муҳокама қилади, деб хабар берди ТАСС.

22:48. Президент Ашраф Ғани Уммонга етиб боргани хабар қилинмоқда Kabul News телеканали томонидан.

22:42. АҚШнинг барча дипломатик вакиллари элчихонадан Кобул аэропортига тўлиқ эвакуация қилинди, демоқда CNN.

22:38. АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондаги вазиятни миллий хавфсизлик бўйича жамоаси билан муҳокама қилди, деб хабар берди Оқ уй маъмурияти.

22:35. Афғонистон ҳукумати кенгашга тинч йўл билан ҳокимиятни топширмоқчи эмас, деб маълум қилди Ислом партияси етакчиси Гулбиддин Ҳикматиёр. Унинг сўзларига кўра, афғон ҳукумати жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ниятида эмас.

22:31. Кобулдан учадиган барча тўғридан-тўғри авиарейслар бекор қилинди, фақат ҳарбий самолётларгагина парвозга рухсат берилди, демоқда Рейтерс.

22:26. «Толибон» вакилининг сўзларига кўра, айни пайтда ҳаракат Кобулнинг 11 та туманини назорат қилиб турибди. Шаҳарда 22 туман бор.

22:21. НАТО хорижликларни эвакуация қилиш учун Кобул аэропортини назоратда ушлаб турибди, деб маълум қилди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

22:15. Кобулдаги Россия элчихонаси русларга Россияга чиқиб кетишлари учун ёрдам бериб турибди. Ҳозирча уларга нисбатан ҳеч қандай хатар йўқлиги айтилмоқда.

22:10. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон НАТО бўйича ҳамкорларни ҳозирча Афғонистоннинг янги ҳукуматини тан олмасликка чақирди.

22:01. Бир қатор афғон депутатлари ва ҳукумат амалдорлари Деҳли шаҳрига бориб қўнди, деб хабар берди Times of India.

21:56. CNN маълумотларига кўра, Афғонистонда 60 мингта АҚШ фуқароси бор. «Энг катта муаммо шуки, улар Кобулгача етиб келиб, Америкага учиб кетоладими?», дейилади CNN телеканали хабарида.

21:49. «Толибон» яқин орада президент саройида туриб Афғонистон Ислом Амирликлари давлатини эълон қилади, деб хабар тарқатди Times of India.

21:42. Франция элчиси Девид Мартинон зирҳли камзулда Кобулни тарк этмоқда.

21:36. Толибонлар президент Ашраф Ғанига тинч йўл билан ҳокимиятни топширишни сўраган, аммо давлат раҳбари қочиб кетган, дея хабар тарқатди Al Arabiya телеканали.

21:32. АҚШ фуқароси Кобул аэропортида яширинишига тўғри келди, чунки ўқ овозлари тинмаётган эди.

21:21. Ҳиндистоннинг Air India авиакомпанияси Кобулга рейсларни ҳозирча бекор қилмайди. Бекор қилиш ҳақидаги олдинги хабар ҳақиқатга мос эмаслиги айтилган.

21:10. «Толибон» БМТ Афғонистондаги фаолиятини давом эттиришини истамоқда. ЮНИСЕФ вакилининг сўзларига кўра, толибонлар уларга нисбатан мулойимлик билан муносабатда бўлган ва ҳозир ташкилот биносини қўриқлаяпти.

21:04. «Толибон» ҳаракати вакиллари президент саройида (суратда).

20:55. Кобул аэропортидан олинган видеода сумка ва жомадон кўтарган оқ танли ҳарбийларни кўриш мумкин.

20:49. «Биз Афғонистон, айниқса, Кобул халқи уларнинг мол-мулклари, ҳаёти хавфсизликда эканликларига ишонишларини истаймиз. Ҳеч ким қасос олмайди. Биз ҳам шу мамлакатга хизмат қиламиз», деган «Толибон» ҳаракати матбуот котиби Суҳайл Шаҳин.

20:44. «Толибон» жангарилари Кобулдаги президент саройини ўз назоратига олишган. Бу ҳақда Sky News ва Рейтерс агентликлари хабар берди.

20:38. Ашраф Ғани кетгач, толибонларга ҳокимиятни топшириш учун кенгаш тузилган. Кенгаш таркибида собиқ президент Ҳамид Карзай, собиқ бош вазир Абдулла Абдулла ўрин олган. Кенгашни тузишдан мақсад шуки, «Толибон» ҳукуматни Ашраф Ғани қўлидан олмаслигини айтган.

20:32. Франция ҳам АҚШ ва бошқа давлатлар сингари ўз дипломатик ходимларини Кобул аэропортига кўчиришга топшириқ берди.

20:25. Америкалик сенатор, Сенатнинг разведка бўйича махсус қўмитаси аъзоси Бен Шассе АҚШ ҳукумати Афғонистондан Америка аскарларини олиб чиқиб кетиш ҳақидаги қарори учун афсусланиши айтди. Унга кўра, аёлларга нисбатан зўравонлик, америкаликларни қийноққа солиш каби ҳаракатлар авж олади.

20:20. Афғонистон ички ишлар вазири в.б. Абдулсаттор Мирзаквал Кобулда коммендантлик соатини эълон қилди. Унга кўра, кеч соат 9 дан шаҳарнинг бирор жойида юриш тақиқланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг