Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тожикистонликлар ортидан Ўзбекистон фуқароларига ҳам тақиқ тушди — ОАВ

Тожикистонликлар ортидан Ўзбекистон фуқароларига ҳам тақиқ тушди — ОАВ

Сўнгги кунларда россиялик чегарачилар аэропортлар ва ер усти ўтказиш пунктларида нафақат Тожикистон фуқаролари, балки Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган муҳожирларга ҳам Россия ҳудудига киришни оммавий равишда тақиқламоқда, деб ёзади Exclusive.kz нашри.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирликлари ҳозирча ҳолатга изоҳ бермаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикнинг айтишича, муҳожирларни мамлакатга кириш вақтида оммавий қўлга олиш 24 апрелда бошланган ва 1 майга келиб Россия аэропортларида 4500 га яқин одам тўпланган ва худди шунча одам ер усти назорат пунктлари орқали киритилмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, ушлаб турилганларнинг тўртдан бир қисмигина Тожикистон фуқаролари, ундан икки ҳисса кўпи — Ўзбекистондан келган муҳожирлар, қолганлари Қирғизистон вакиллари.

Қўлга олинганларнинг аксарияти бир-икки кун ичида «депорт» қилинади, лекин баъзи ҳолларда қайтариб юбориш бир ҳафтагача чўзилиши мумкин, деди Чупик.

24 апрелдан буён ҳуқуқ ҳимоячисига чегарачилар томонидан қўлга олинган муҳожирлардан икки юзга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг сўзларига кўра, одамлар оч ва сувсиз қолишган, ҳатто ҳожатхонага кира олишмаяпти. Телефонлари олиб қўйилган ва «ҳеч қандай тушунтириш берилмайди».

Россиядан муҳожирларни бунчалик оммавий чиқариб юбориш ҳали ҳеч қачон бўлмаган, дейди Чупик.

Россиядаги назорат-ўтказиш пунктларидаги муҳожирлар муаммолари ҳақида фақат Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги очиқ хабар берди. Шанба куни вазирлик мамлакат фуқароларига «ўта зарурат бўлмаса, Россияга боришдан вақтинча тийилиш»ни тавсия қилди.

Якшанба куни 954 нафар Тожикистон фуқароси Внуково аэропортида тегишли санитария шароитларисиз қолаётгани ҳақида хабар берилди.

Душанба куни Россиянинг Душанбедаги элчиси ТИВга чақирилиб, Россия ҳудудида Тожикистон фуқароларига нисбатан «катта салбий муносабат намоён бўлган кўплаб ҳолатлар» муносабати билан норозилик нотаси тақдим этилди.

Чоршанба куни Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқот қилиб, мамлакат фуқароларининг ҳуқуқлари ва икки томонлама келишувлар бузилгани ҳақида гапирган. Лавров «кўрилаётган чора-тадбирлар маълум бир миллатга қарши эмас», деб айтган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг