Телебошловчиликдан президентликка. Аргентинанинг янги президенти Хавер Милей ўзи ким?
Аргентинада Либертарлар партиясига раҳбарлик қилувчи Хавер Милей президентлик сайловларида ғалаба қозонди. Дастлабки натижаларга кўра, у 56 фоизга яқин овоз тўплаган.
20 ноябр, душанбага ўтар кечаси Милейни сайловлардаги ғалабаси билан унинг рақиби, «Ватан учун иттифоқ» ҳукмрон коалициясидан номзод бўлган Аргентина иқтисодиёт вазири Серхио Масса ҳамда бир қатор Лотин Америкаси давлатлари етакчилари табриклади.
«Мен Хавер Милей билан боғланиб, уни табрикладим ва омад тиладим, чунки у аргентиналикларнинг кўпчилиги кейинги тўрт йилга танлаган президент», - деди Серхио Масса овоз беришнинг расмий натижалари эълон қилинишидан олдин.
Милейнинг сайловдаги ғалабаси Аргентина сиёсатини остин-устун қилиб юборгани айтилмоқда. Кўпчилик сиёсатчилар бу воқеа бутун қитъага таъсир ўтказиши мумкинлигидан хавотирда.
Жумладан, Колумбия президенти Густаво Петро Аргентинадаги президентлик сайловларида ўнг қанот номзоди ғалабасидан ҳафсаласи пир бўлганини билдириб, буни «Лотин Америкаси учун қайғули воқеа» деб атаган.
«Неолиберализм энди жамиятга ҳеч нарса таклиф қила олмайди, у инсониятнинг долзарб муаммоларига жавоб бера олмайди», деб ёзган Петро X ижтимоий тармоғида.
Сайловолди чиқишларида ўзини тажовузкор тутиши, театрлаштирилган услуби сабабли Милейни АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп билан солиштиришмоқда.
Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Милей билан «жуда фахрланишини» айтди. 2024 йилда АҚШ президентлиги учун яна курашмоқчи бўлган республикачи: «Сиз ўз мамлакатингизни ривожлантирасиз ва Аргентинани яна буюк қиласиз», деб ёзган.
Хавер Милей ўзи ким?
2020 йили сиёсатга кириб келган Хавер Милей амалдаги тизимни «портлатмоқчи» эканини айтганди. Бироқ ўшанда ҳеч ким уч йилдан сўнг собиқ телевидение экспертининг президентлик курсисини эгаллашини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Лекин у айтганини қила олди.
У сайловолди кампанияси даврида сиёсий элитанинг «ўғрилари»ни аямай танқид қилди, мамлакат Марказий банкини Аргентинада инфляция даражаси уч хонали сонга етишида айбдор деб атади ва жонли эфирда уни ёпишини эълон қилди. Натижада ўзини анархо-капиталист деб эълон қилган 53 яшар ушбу шахс сайловнинг иккинчи босқичида ғалаба қозонди.
Милей ўнлаб сайлов кампанияси тадбирларида иқтисодиётни долларлаштириш бўйича таклифини илгари суриш учун ўзининг қиёфаси тасвирланган улкан 100 долларлик банкнот билан сайловчилар қаршисида намоён бўлганди. У, шунингдек, қурол назоратини юмшатиш ва аборт қоидаларини кучайтириш тарафдори.
Сентябрда бўлиб ўтган сайловолди ташвиқотига моторли арра кўтариб келган Милейнинг тажовузкор ва театрлаштирилган услуби – сайловчилар қаршида суперқаҳрамон либосида намоён бўлганидан тортиб штатларни қисқартириш ҳақидаги ваъдаларига ишонтириш учун моторли арра ишлатишигача – уни америкалик Доналд Трамп ёки бразилиялик Жаир Болсонарога ўхшатишларига сабаб бўлди.
Аммо у бутун бир авлоди инқироз шароитида улғайган Аргентина учун ноёб феномен ҳисобланади. Мамлакатда бу йил иқтисодий вазият ҳар қачонгидан ёмонлашган, инфляция 150 фоизга яқинлашган, валюта қадри тушиб кетган ва қашшоқлик даражаси ошиб кетган. Шу жараёнда Хавер ва унинг коалициясини қўллаб-қувватловчилар, айниқса, ёшлар орасида кўпайган.
Милейнинг таржимаи ҳоли муаллифи, журналист Хуан Гонсалес “Эл Локо” (“Ақлдан озган одам”) деб аталаётган янги президент сайлов жараёнида тартибсизликлар келтириб чиқаргани таъкидларкан, юқори инфляция, давлат қарзининг ошиб бораётгани ва яқинлашиб келаётган рецессия ҳисобга олинса, у жуда хавфли ўйинга кириб қолганини айтиб ўтган.
Хавер Милей нималарни ваъда қилди?
Аргентина янги президенти Хавер Милей мамлакатнинг BRICS гуруҳига аъзолигини қўллаб-қувватламайди, давлатнинг фуқаролар ҳаётига минимал аралашувини ёқлайди, Марказий банкни тугатмоқчи ва миллий валютани долларга алмаштиришни таклиф қиляпти.
Сайловолди кампанияси давомида у Россия, Хитой ва Бразилиянинг «коммунистик» ҳукуматлари билан алоқаларни узиш режасини ҳам эълон қилди.
Иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун занжирли аррани ўзига тимсол сифатида танлаган номзод бюджет харажатларини жиддий қисқартирмоқчи.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter