Таниқли миллиардернинг қурувчилик компанияси намойишчиларни ғишт билан таъминлаганликда гумон қилинди
Миллиардер Уоррен Баффетнинг «Berkshire Hathaway» инвестиция холдинги таркибига кирувчи «Acme Brick» қурилиш компанияси америкалик намойишчиларни ғишт етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлаганликда гумон қилинди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.
Таъкидланишича, июнь ойининг бошларида «Twitter»да «Acme Brick»ни айбловчи хабар пайдо бўлган. Унга кўра, мазкур компанияга тегишли ғиштлар тартибсизликлар бўлаётган Далласга туташ кўчаларда атайлаб қолдириб кетилган. Компаниянинг маркетинг бўйича директори Бритт Стоукс хабарга кўзи тушган. У буюртмани кузатиш натижасида ғишт уй-жой мулкдорлари уюшмаси томонидан деворларни таъмирлаш учун етказилганини аниқлади.
Маълумотни маҳаллий полиция ҳам тасдиқлади. Лекин бу интернетда миш-мишларнинг тарқалишига тўсқинлик қилолмади. Кўп ўтмай шунга ўхшаш хабарлар бошқа оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ҳам пайдо бўлади бошлади. Маълум вақтдан сўнг «сирли» ғишт ҳақида «Fox News» ҳам сўз очди. Ғишт билан намойишчиларнинг алоқаси ҳақидаги вирусли роликлар Оқ уй аккаунтида ҳам пайдо бўлди. Бироқ миллион марта кўрилгандан сўнг ўчириб ташланди.
Компания барча айбловларни рад этди. «Acme Brick» бузғунчилик билан эмас, қурувчилик билан шуғулланади», — дейишди расмийлар.
АҚШнинг ўнлаб шаҳарларида Миннеаполисда шафқатсизларча ҳибсга олинган Флойднинг ўлими юзасидан полициянинг шафқатсизликларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда. Айрим штатларда норозиликлар тартибсизликлар, полиция билан тўқнашувлар, талончилик ва босқинчиликларга сабаб бўлмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter