Шифокор 30 йил қўшниларига тиббий маслаҳат бериб келган. Улар вафот этгач қариндошларидан пул талаб қилди
Англиянинг Чешир графлиги Уоррингтон шаҳрида кекса шифокор узоқ йиллар ўз қўшниларига берган тиббий маслаҳатлари учун пул талаб қиляпти. Бу ҳақда «Daily Mail» сайти хабар берган.
75 ёшли шифокор Стивен Бентли узоқ йиллар Гарри ва Жоан Сатклиффлар билан қўшни бўлган. У кўпинча уларнинг уйида меҳмон бўлган ва вақти-вақти билан тиббий масалалар бўйича маслаҳатлар бериб турган. Бу 1982 йилдан 2012 йилгача давом этган.
2016 йил январда 90 ёшли Гарри, 2017 йил ноябрда эса унинг турмуш ўртоғи Жоан вафот этди. Дафн маросимига тайёргарлик кўраётган вақтда қўшнисининг қариндошлари Бентли билан Гаррини даволагани ҳақида ёзишиб қолдилар. Кўп ўтмай шифокор уларга 30 йил мобайнида қўшниларига берган 68 та маслаҳат учун тўлов қоғозини тақдим этди. Тўлов қиймати очиқланмаган.
Кекса чол-кампирнинг қариндошлари шифокорнинг бу қилиғини ҳурматсизлик ва виждонсизликка йўйишиб, Бентли устидан Бош тиббий кенгашга арз қилишди. Судда Гаррининг қизи отаси тириклигида Бентли ўз хизматлари учун тўлов ҳақида оғиз очмагани ва ўз тавсияларини ёзиб бермагани, ота-онаси унга оиласининг дўсти сифатида муносабатда бўлгани ва миннатдор бўлганликларидан гўшт ва виски билан сийлашганини гапириб берди.
Бош тиббий кенгаш вакилларининг таъкидлашича, Бентли ўзи дўстона муносабатда бўлган одамларга тиббий хизмат кўрсатишда касбий этикага риоя қилмаган. У Сатклиффлар учун амалда оилавий доктор вазифасини бажарган. Шу билан бирга, тўлов пули талаб қилаётган маслаҳатлар ҳақидаги ёзувларнинг йўқлиги эса тавсиялар профессионал эмас, дўстона бўлганидан гувоҳлик беради.
Бентлининг адвокати Ричард Партрижнинг айтишича, Гарри диабет, юрак ишемик касаллиги ва қовуқ саратони каби кўплаб касалликлардан қийналган. Ҳуқуқшуноснинг таъкидлашича, Бентли Сатклиффларнинг уйига ўз-ўзидан эмас, фақат уларнинг илтимосига кўра келиб турган.
Талаб қилинаётган тўловнинг ҳаққонийлиги тўғрисида ҳали бир тўхтамга келингани йўқ. Суд жараёни давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter