Санкция ҳақидаги баёнотдан кейин Британия элчиси Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига чақирилди
Буюк Британиянинг Нурсултондаги элчиси Кэти Лич Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шахрат Нуришевга таяниб хабар берилмоқда.
Гап шундаки, жорий йил 1 март куни Буюк Британия парламенти аъзоси Маргарет Ҳож ташқи ишлар вазири Лиз Трассдан қироллик «Путинни қўллаб-қувватлаётган» Қозоғистон ҳамда Озарбайжонга нисбатан ҳам санкция жорий этадими деган мазмунда савол берган.
«Буюк Британия парламентида бир депутат шундай баёнот берибди. Биз Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятларда бевосита иштирок этувчи томон эмасмиз. Шу боис баёнот бизга тушунарсиз бўлиб қолмоқда», – дейди Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шахрат Нуришев.
Расмий Нурсултон инглиз дипломатидан парламент депутатининг баёноти юзасидан тушунтириш кутмоқда.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев куни кеча Украинадаги урушга муносабат билдирар экан, тинчликсиз тараққиёт йўқлигини таъкидлади.
«Биз ҳар икки томонни ўзаро мулоқотга киришиш ҳамда масалани тинч йўл билан ҳал этиш йўлида бор имкониятларни ишга солишга чорлаймиз. Бундан бошқа мақбул йўл йўқ», – деб баёнот берди Қ.Тўқаев.
Аввалроқ Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тиловберди халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра Украинага тегишли бўлган Донецк ва Луганск ҳудудлари мустақиллиги тан олинмаслигини маълум қилганди. Расмий Нурсултон халқаро ҳуқуқ ва БМТ низоми тамойилларига таянишини таъкидлаган вазир томонларни масалани дипломатик йўл билан ечишга ундаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter