Россиядаги қамоқхона ходимларини гаровга олганлар орасида икки ўзбекистонлик борлиги айтилмоқда
23 август куни Россиянинг Волгоград вилояти Суровикино шаҳридаги ИК-19 сонли қамоқхонада маҳкумларнинг исёни рўй бергани ҳақида хабар берган эдик.
Россия Федерал Жазони ижро этиш хизмати маълумотларига кўра, тўрт нафар маҳкум қамоқхонанинг саккиз нафар ходими ва яна тўрт нафар бошқа маҳкумни гаровга олган.
Махсус кучларнинг операциясида гаровга олган тўрт маҳкум ўлдирилган.
Ушбу ҳодиса оқибатида Россия Федерал Жазони ижро этиш хизматининг 4 ходими ҳалок бўлган, яна тўрт нафари жароҳатланган. Маҳкумлар орасида ҳам жароҳатланганлар бор.
Россиянинг айрим нашрлари ходимларни гаровга олган маҳкумлар «Ислом давлати» террорчи ташкилотига алоқадорлиги ҳақидаги фаразни илгари сурди.
«Коммерсантъ» газетаси тахминига кўра, ахлоқ тузатиш колонияси ходимларини гаровга олган ва махсус амалиёт давомида ўлдирилган тўрт маҳкум Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир.
Ўзбекистон фуқароси экани айтилаётган 29 ёшли Рамзиндин Тошев гиёҳвандлик моддалари савдосида айбланиб, 8 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган эди.
2019 йилда ўта оғир жароҳат етказиш айби билан қамалган 29 ёшли Темур Хусинов ҳам Ўзбекистон фуқароси экани хабар қилинган.
Наркотик олди-сотдисида айбланган 28 ёшли Назиржон Тошов ва 23 ёшли Рустамжон Наврузий Тожикистон фуқаролари экани айтилмоқда.
BBC ўзбек хизмати гаровга олишда қатнашган ва пировардида ўлдирилгани тахмин қилинаётган Ўзбекистон фуқароси Темур Хусиновнинг оила аъзолари билан суҳбатлашган. Яқинлари Т.Хусиновнинг гаров ҳодисасида иштирок этганига шубҳа билдирган.
«Биз Россия матбуоти укам тўғрисида нотўғри маълумот тарқатяпти деб ишонамиз. Бу ҳодиса пайти олинган биронта видео ё фотода Темур кўринмаган. Темур билан ҳали яқинда телефонда гаплашгандим, у икки ойдан кейин чиқишини орзиқиб кутаётганди. Ака, сўйишга қўйни тайёрлаб қўйинглар, деганди. У умуман ундай радикал гуруҳларга аралашадиган бола эмас, бизнинг оиламизда асло ундай унсурлар йўқ. Мен унга тинч юр, яқинда кўришамиз, дегандим», – деган Т.Хусиновнинг акаси Амирбек.
Хоразм вилоятининг Шовот шаҳрида туғилиб ўсган Темурнинг оила аъзолари BBC’га айтишича, колонияда марказий осиёлик маҳкумларга Россиянинг Украинадаги урушига қўшилиш борасида босим ўтказиб келинган. Олти ой аввал Темур ўз оиласига уни ҳам қамоқ маъмурияти урушга қўшилишга ундаётгани, лекин у рад жавобини берганини айтган.
Гаров ҳодисаси ортидан ўлдирилган маҳкумлар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари экани ваколатли идоралар томонидан тасдиқламаган. Ҳозирча на Россия ҳукумати, на Ўзбекистон элчихонаси бу борада расмий маълумот берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter