Россия Туркияни Сурия ва Ироқда ҳарбий куч ишлатишдан тийилишга чақирди
Россия президентининг Суриядаги келишув бўйича вакили Александр Лаврентьев Туркияни Сурия ва Ироққа берилган зарбалар муносабати билан вазминликка чақирди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
Александр Лаврентьевнинг сўзларига кўра, Анқара можаро авж олишига йўл қўймаслик учун Сурияда ҳаддан ташқари ҳарбий куч ишлатишдан тийилиши керак.
«Биз туркиялик ҳамкасбларимизни Суриянинг нафақат шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудларида, балки бутун ҳудудда кескинлик кучайишига йўл қўймаслик учун маълум вазминликка чақирамиз», – дейди Лаврентьев.
Лаврентьев Туркиянинг Сурия ва Ироқдаги ҳаво операцияси ҳақида Россияни олдиндан хабардор қилмаганини қайд этди. Москва бу масалани Сурия бўйича Остонадаги йиғилишда муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия шимолидаги махсус операция сабабларини Россиянинг минтақадаги террорчиларни йўқ қилишдан бош тортгани билан изоҳлаган эди. У Кобани ҳудудида 12 та зарба берилганини тасдиқлади ва операция давом этишини қўшимча қилди.
Кеча, 21 ноябрь куни тунда Туркия мудофаа вазири Ҳулусий Акар икки кунлик операция давомида 184 нафар жангари йўқ қилинганини маълум қилди.
Маълумот учун, Туркия Курдистон ишчилар партияси жангарилари билан 1984 йилдан буён тўқнашиб келади. 2015 йилда Суриядаги фуқаролар уруши даврида бу тўқнашувлар янада кучайган. Туркиянинг иддао қилишича, Ироқ шимолида курдларнинг базалари жойлашган бўлиб, Туркия Қуролли кучлари уларга қарши ҳаво ва қуруқликдаги операцияларни ўтказмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter