Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қурол етказиб беришни тезда тўхтатиши керак» – Украина Эронни «жиноий тажовуз»да айблаяпти

«Қурол етказиб беришни тезда тўхтатиши керак» – Украина Эронни «жиноий тажовуз»да айблаяпти

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Эронни унга тегишли бўлган учувчисиз ўзи учар қурилмаларидан фойдаланиб қилинган ҳужумлардан кейин «Россия тажовузининг шериги» деб атади.

«Биз Теҳронни Россияга ҳар қандай қурол етказиб беришни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз. Акс ҳолда, Эрон ва унинг раҳбарияти энг оғир масъулиятни ўз зиммасига олади, жумладан, халқаро суд жараёнлари доирасида», – дейилади Украина ТИВ сайтида эълон қилинган баёнотда.

Украина ҳукумати, шунингдек, мамлакатда босқинчилик уруши олиб бориш ва фуқароларни ўлдириш учун қурол-яроғ билан таъминлаш Эронни Россиянинг Украинага қарши террорчилик ҳаракатлари, жиноий тажовуз ва ҳарбий жиноятларига шерик қилади.

Қайд этилишича, ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 17 октябр куни Европа Иттифоқи давлатларини Эронга қарши санкциялар жорий этишга чақирган.

Вазирликнинг маълум қилишича, Россия муҳим инфратузилмаларга зарба бериш учун Эронда ишлаб чиқарилган дронлардан фойдаланмоқда.

Аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канани мамлакат Украинадаги жанговар ҳаракатларда фойдаланиш учун Россияга қурол етказиб бермаётганини айтган эди.

Бунгача Американинг The Washington Post газетаси Россия Эрондан янги ракеталар ва учувчисиз самолётлар олиши ҳақида хабар берган эди. Гап мос равишда 300 ва 700 километргача масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир  Fateh-110 ва Zolfaghar қисқа масофали баллистик ракеталари, шунингдек, Mohajer-6 ва Shahed-136 учувчисиз учиш аппаратлари ҳақида бормоқда.

Европа Иттифоқи расмийлари Эронга қарши санкцияларни кенгайтириш ва Россиянинг Украинадаги жангларда Эрон дронларидан фойдалангани ҳақидаги тахминларни муҳокама қилишга қарор қилди. Ҳозирча Евроиттифоқ Теҳроннинг Москвага эҳтимолий таъминоти билан боғлиқ чекловлар киритишни режалаштирмаяпти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг