Қозоғистон дунё мамлакатларини ядро қуролидан воз кечишга чақирмоқда
29 август – Ядро синовларига қарши халқаро кураш куни муносабати билан дунё миқёсида бир қатор муҳим тадбирлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Ойбек Смадияров расмий брифингда маълум қилган.
Жумладан, Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг юқори даражадаги ялпи мажлиси бўлиб ўтади. БМТнинг Вена майдонида Қозоғистон ташқи ишлар вазири ва Ядровий синовларни тақиқлаш бўйича Шартнома ташкилоти раҳбарининг қўшма баёноти эълон қилинади. Унда ядро қуролидан холи дунёга эришиш муҳимлиги баён этилади.
Шунингдек, Остона шаҳрида «Ядро қуролининг гуманитар оқибатлари ва Марказий Осиё – ядро қуролидан холи ҳудуд» мавзусида минтақавий анжуман ўтказилади.
2009 йил 29 август куни Қозоғистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеяси резолюцияси асосида Ядро синовларига қарши халқаро кураш куни таъсис этилган.
Халқаро муҳим сана учун 29 август танлангани бежиз эмас. Гап шундаки, 1991 йил 29 август куни дунёдаги энг йирик полигонлардан бўлган Семей (Семипалатинск) ядро полигони ёпилган эди.
Собиқ Иттифоқ даврида, 1947 йилда қурилган ушбу полигонда атом бомбаси синовлари ўтказилган.
Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида туркий дунёнинг атоқли шоири Ўлжас Сулаймон бошчилигида вужудга келган «Невада-Семей» халқаро аксилядро ҳаракатининг саъй-ҳаракати билан полигонда режалаштирилган 10 дан ортиқ портлашнинг олди олинган.
1992–1995 йиллар оралиғида барча ядро каллаклари Қозоғистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетилган ёки кимёвий йўл билан йўқ қилинган.
Жаҳондаги йирик ядро полигонининг ёпилиши 1996 йилда Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани қабул қилишга замин яратди.
Қозоғистон дунё давлатларини 2045 йил, БМТнинг 100 йиллик юбилейига қадар ядро қуролидан буткул воз кечишга чақириб келмоқда.
Ядро таҳдиди, айниқса, Россиянинг Украинага босқинидан кейин янада хавотирли тус олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter