Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон Афғонистон билан савдо айланмасини 3 миллиард долларга етказмоқчи

Қозоғистон Афғонистон билан савдо айланмасини 3 миллиард долларга етказмоқчи

Қозоғистон Афғонистон билан йиллик савдо айланмасини бир миллиард доллардан уч миллиард долларга оширмоқчи. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари – савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин Остонада бўлиб ўтган Қозоғистон–Афғонистон ишбилармонлар форумида маълум қилган. 

Қозоғистон афғон бозорига озиқ-овқат маҳсулотлари етказувчи асосий давлатлардан бири саналади. Экспортда, хусусан, ун ва буғдойнинг улуши катта. Биргина 2022 йилда Афғонистон 1,28 миллион тонна қозоқ унини импорт қилган.

«Афғонистон Қозоғистон учун ун сотуви бўйича асосий бозор бўлиб қолмоқда. Ун экспортининг 70 фоизи ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келмоқда. Айни пайтда биз экспорт саватида диверсификация аломатларини кузатмоқдамиз. Ҳисоб-китобимизга қараганда, Қозоғистон Афғонистонга 500 миллион долларлик озиқ-овқат, нефть-кимё, кимё, металлургия, енгил саноат ва машинасозлик маҳсулотларини экспорт қилиш салоҳиятига эга», – дейди Қозоғистон савдо ва интеграция вазири.

Икки давлат ўртасида энергетика йўналишидаги ҳамкорлик ҳам истиқболли деб баҳоланмоқда.

40 миллион нуфусли Афғонистон Покистон, Ҳиндистон ва Яқин Шарқ бозорларига чиқишда кўприк вазифасини ўтайди. Шунга кўра расмий Остона афғон замини орқали савдо йўналишларини кенгайтиришни кўзламоқда.

Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳукуматлари Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли борасида келишувга эришган. Ушбу йўналишнинг барпо этилиши нафақат уч давлат, балки минтақанинг бошқа мамлакатлари учун ҳам манфаатли бўлиши кутилмоқда. Қозоғистон бош вазири ўринбосари С.Жумангарин ҳам трансафғон темир йўл коридори қурилиши ташаббусини ижобий баҳолаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг