Қозоғистон 2 йилдан сўнг Ўзбекистонга кўмир экспортини ошира бошлайди
Қозоғистон 2025 йилдан кейин Ўзбекистонга кўмир экспортини босқичма-босқич йилига 12,8 миллион тоннагача оширади. Бу ҳақда Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири ўринбосари Эрон Шархон Остона шаҳрида бўлиб ўтган тўртинчи кўмир форумида гапириб ўтди.
«Бугун Қозоғистон ҳукумати томонидан 8 та лойиҳани амалга ошириш, шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни кўзда тутувчи «2029 йилгача ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш концепцияси» тасдиқланди. Экибастуз ГРЭСида янги энергия блоклари қурилиши бошланди, 2028 йилдан бошлаб Кокшетау ва Семей шаҳарларида ИЭСлар ишга туширилади. Ўзбекистонга 2025 йилдан бошлаб босқичма-босқич 12,8 миллион тоннагача кўмир етказиб бериш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти. Мамлакатнинг экспорт йўналишлари кенгаяди”, – дейди Эрон Шархон.
Қайд этилишича, ўтган йили Қозоғистон Ўзбекистонга 13,6 млн долларлик 487,9 минг тонна кўмир етказиб берган. Бу кўрсаткич 2021 йилги ҳажмга нисбатан 18,4 фоизга кўпроқни ташкил қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter