Қирғизистон собиқ президентлари эрта қувонган экан...
Қирғизистон бош прокурори Қурманқул Зулушев мамлакатнинг собиқ уч президентига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилганини маълум қилди. Бу ҳақда «АКИpress» хабар берди.
Бош прокурорга кўра, 2005–2010 йилларда Қирғизистонни идора этган Қурманбек Бакиевга нисбатан бир неча жиноий иш очилган, суд ҳукми ҳам эълон қилинган.
1991–2005 йилларда президентлик қилган Асқар Акаевга нисбатан ҳам Қумтор кони бўйича иш қўзғатилган. Кон давлатга қайтарилиши ортидан далил-исбот етарли бўлмаган сабаб айблов кўлами қисқартирилган.
2011–2017 йилларда Қирғизистон раҳбари бўлган Алмазбек Атамбаевга нисбатан айни пайтда судда кўрилаётган 9 та жиноий иш мавжуд.
«У касаллиги сабабли хорижий мамлакатда. Қайтиб келиши билан иш давом эттирилади», – дейди бош прокурор Қ.Зулушев.
Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил февраль ойида Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров БААнинг Дубай шаҳрида барча собиқ президентлар билан учрашган эди. Ушбу йиғинда номи юқорида зикр этилган уч собиқ раҳбардан ташқари Роза Отунбаева (2010–2011) ва Сооронбай Жээнбеков (2017–2020) ҳам қатнашган. Учрашувдан кейин С.Жапаров собиқ президентлар ўз хатоларини тан олгани ва бир-бирини афв этгани ҳақида баёнот берганди.
Қирғизистон Республикасининг 30 йиллик тарихида мобайнида президентлар инқилоб йўли билан алмашиб келмоқда. Дубай учрашувидан кейин ушбу анъанага чек қўйилиши ва собиқ президентларга нисбатан жиноий ишлар якунланиши ҳақида тахминлар янграган эди.
2021 йил декабрь ойида A.Aкаевга нисбатан очилган «Қумтор» олтин кони бўйича текширув ёпилгани хабар қилинган, аммо кўп ўтмай Москвада яшаётган биринчи президентга янги айблов қўйилган.
2022 йилда А.Атамбаев икки жиноий иш бўйича оқланган, аммо бошқа айбловлар ҳамон кучда.
Қ.Бакиевга тайинланган умумий жазо муддати эса 30 йилни ташкил қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter