Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қамоққа олинган собиқ президент бир соат ўтиб озод қилинди

Қамоққа олинган собиқ президент бир соат ўтиб озод қилинди

Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) собиқ президенти Жейкоб Зума ҳибсга олинди, аммо қамоқхонада бўш жой йўқлиги важидан бир соат ўтиб озодликка чиқарилди.

Судга нисбатан ҳурматсизликда айбланиб 15 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинган 81 ёшли Жейкоб Зума жума куни ўз ихтиёри билан туғилиб ўсган вилояти – Квазулу-Наталдаги озодликдан маҳрум этиш муассасасига келган. Бир соат ўтиб эса, тутқунгоҳда бўш жой йўқлиги асос қилиниб қўйиб юборилган.

Мамлакат адлия вазири Рональд Ламола Ж.Зумага нисбатан жамият учун хавфи кам жиноятчиларни озод қилиш дастури татбиқ этилганини маълум қилган. Вазир бу қарор жазо муассасаси томонидан қабул қилингани, собиқ президент имтиёздан фойдаланмаганини қайд этган.

ЖАРда қамоқхоналар тўлиб кетгани сабабли жамият учун хавфи кам жиноятчиларни озод қилиш дастури жорий этилган. Таҳлилларга кўра, жазо муассасаларида сиғимга нисбатан 47 фоиз кўпроқ маҳкум сақланмоқда. Апрель ойида жорий қилинган дастур асосида 9 минг маҳкум муддатидан аввал озод қилинган.

Мухолифат эса амалдаги маъмуриятни собиқ президентга одил судловдан бўйин товлашда кўмак кўрсатишда айблаган.

Ж.Зума 9 йиллик президентликдан кейин 2018 йилнинг февраль ойида жамоатчиликнинг босими ва норозилиги остида истеъфо беришга мажбур бўлган.

Коррупцияда айбланган сиёсатчи барча айбловларни рад этган.

2021 йилда Зума қамоққа олинганидан кейин мамлакатда рўй берган оммавий тартибсизликларда юзлаб одам ҳалок бўлган. 

Маҳкамага нисбатан ҳурматсизликда айбланган сиёсатчи 15 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Бироқ у икки ой ўтиб, соғлиғи сабабли қамоқдан чиқарилган. Бу қарорни ноқонуний деб топган апелляция суди Зумани қамоққа қайтаришни буюрган.

Жейкоб Зума расман зулус қабилаларининг кўпхотинлилик анъанасига содиқ эканини маълум қилган. Сиёсатчининг бир неча хотини, 18 фарзанди борлиги айтилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг