Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин Ким Чен Иннинг «cалом»ига «алик» олди

Путин Ким Чен Иннинг «cалом»ига «алик» олди

Шимолий Корея Россия кўмагида ноқонуний равишда халқаро банк тармоқларига кириш имконига эга бўлгани тахмин қилинмоқда The New York Times нашри АҚШ разведкасига таяниб хабар беришича, бунинг эвазига Пхеньян Москвага қурол-аслаҳа етказиб берган.

Оқ уйда Шимолий Корея Россияга баллистик ракеталар тақдим этганини тасдиқловчи далиллар мавжуд. Британиядаги хавфсизлик масалалари бўйича таҳлил маркази хулосасига қараганда, Пхеньян Москвага 2,5 миллион дона ўқ-дори ҳам етказган. Келишувга кўра, Шимолий Корея «саломга яраша алик» сифатида Россиядан сунъий йўлдош технологиялари, атом сув ости кемалари каби ҳарбий техника сўраган.

Владимир Путин маъмурияти Ким Чен Ин режимига ҳарбий технологиялар тақдим этгани ҳозирча аниқ эмас. Аммо Россия ўз банкларида сақланаётган, Шимолий Кореянинг 30 миллион долларлик музлатилган маблағидан 9 миллионини олиш имконини тақдим этган. Пхеньян бу маблағга нефть сотиб олиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Шимолий Кореянинг қўлбола ширкати яқинда Жанубий Осетиядаги банкда ҳисоб очган. БМТ санкцияларига мувофиқ банкларнинг Шимолий Корея билан олди-берди қилиши ман этилади. Жанубий Осетия банкида ҳисоб рақам очилиши Кремлнинг ўз ҳамкорига санкцияларни айланиб ўтишда кўмак бермоқда деган хулосага ундамоқда.

БМТ ва АҚШ тақиқланган ядро синовлари туфайли Ким Чен Ин маъмуриятига нисбатан санкциялар жорий этган.

«Албатта, Россия тақиқдан чиқарган 9 миллион доллар у қадар катта маблағ эмас, аммо КХДР капиталдан фойдаланишнинг ҳар қандай муқобил йўлини олқишламоқда», – дейди АҚШ молия вазирининг собиқ ёрдамчиси, молиявий жиноятлар бўйича эксперт Хуан Зарате.

Қолаверса, Россия Шимолий Кореяга қурол аслаҳа ўрнига зарур маҳсулотлар етказиш бераётгани тахмин қилинмоқда.

«Шимолий Корея учун қурол-аслаҳани буғдой ҳамда санкция орқали тақиқланган қишлоқ хўжалиги технологиялари, хусусан, тракторларга алмашиш айни муддао бўлар эди», – дейди Лондон университети ҳузуридаги таҳлил мактаби профессори Ҳейзел Смит.

Аввалроқ Шимолий Корея Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Россияга артиллерия снарядлари ва бир неча турдаги ракеталарни тақдим этгани хабар қилинган эди.

Шундан сўнг АҚШ, Япония ва Жанубий Корея КХДРнинг Россияга ҳарбий техника ва ўқ-дори етказиб берганини кескин қоралаб, бундай юклар «Россиянинг босқинчилик уруши қурбонлари сонини сезиларли даражада ошириши»ни билдирган. Бироқ Москва ва Пхеньян бу айбловларни рад этган.

Ядро тадқиқотлари сабаб кўплаб санкцияларга дучор этилган Ким Чен Ин маъмурияти ҳарбий соҳани молиялаштириш учун ноқонуний воситаларга мунтазам мурожаат қилиши айтилади. Масалан, 2022 йили Шимолий Корея ҳукумати назоратидаги ҳакерлар бир миллиард доллар миқдоридаги маблағларни ўмаришга муваффақ бўлган. Халқаро ташкилот хулосасига қараганда, ўғирланган маблағлар мамлакатнинг ядро ва ракета дастурларини молиялаштиришга йўналтирилган.

Таҳлилларга қараганда, сўнгги йилларда санкциялар ва молиявий чекловлар Россия президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея давлат кенгаши раиси Ким Чен Инни анча яқинлаштирди. Уларнинг учрашув ва совға алмашувлари сони ошди.

Сиёсатчилар бир-бирини медаль билан ҳам сийлаб турибди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг