Президент Эрдўғон Туркиядаги инқилобий ўзгариш ҳақида гапирди
![Президент Эрдўғон Туркиядаги инқилобий ўзгариш ҳақида гапирди](https://static.xabaruz.com/crop/3/7/720_460_95_3767764427.jpg)
Туркия сўнгги 19 йил ичида мудофаа саноатида чинакам инқилобни амалга оширди. Бу ҳақда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбулда ташкил этилган IDEF 21 – 15-халқаро мудофаа саноати кўргазмасида маълум қилган.
Туркия раҳбари мамлакат сўнгги йилларда қурол ишлаб чиқариш бўйича импорт кескин қисқартирилгани, бу борадаги кўрсаткич 80 фоиздан 20 фоизга камайганини таъкидлаган.
«Анқара мудофаа саноатига жиддий эътибор қаратади. Чунки йирик ишлаб чиқарувчилар жорий этган яширин эмбарголарга қарши туришнинг бошқа йўли йўқ эди. Агар илгари Туркиянинг мудофаа ва аэрокосмик саноат маҳсулотлари экспорти 250 миллион долларни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсактич 3 миллиард доллардан ошди», – деди президент Эрдўғон.
Қайд этилишича, Туркия бугунги кунда учувчисиз учиш қурилмалари ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича дунёнинг 3-4 етакчи давлатидан бирига айланди.
Айни чоқда, Эрдўғон Туркия ҳарбий-мудофаа соҳасидаги ютуқларини дўст мамлакатлар билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.
«Минтақада ва бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ва ишонч муҳитининг ҳукм суриши мудофаа саноати бўйича мувозанатга боғлиқдир. Биз учун асосийси даромад орттириш эмас. Биз учун қора олтиннинг томчиси инсон қони томчисидан қадрли бўла олмайди», – деди Туркия раҳбари.
Эрдўғон, шунингдек, унинг мамлакати терроризмга қарши кураш баҳонасида тинч аҳолига ҳеч қачон бомба ёғдирмаслигини таъкидлади.
IDEF – Истанбул халқаро мудофаа саноати кўргазмаси дунёдаги йирик тадбирлар сирасига киради. Бу йилги кўргазмада 53 мамлакатнинг 1236 та мудофаа компанияси маҳсулотлари намойиш этилди. Унда юзга яқин юқори мартабали меҳмонлар – вазирлар, қўмондонлар иштирок этди.
Охирги йилларда Туркия мудофаа саноатида мустақилликка эришишга ҳаракат қилмоқда. Анқаранинг Россиядан С-400 тизимини сотиб олиши ортидан АҚШ томонидан санкция жорий этилиши мудофаа соҳасидаги изланишларни жадаллаштирди.
Маълумотларга қараганда, 2002 йили Туркияда мудофаа саноати йўналишида 62 та корхона фаолият юритган бўлса, ҳозирга келиб улар сони 1500 га етган. Мудофаа саноатидаги товар айланмаси 1 миллиард доллардан 11 миллиард долларга, мудофаа лойиҳалари бюджети эса 5,5 миллиард доллардан 60 миллиард долларга ўсган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter