Президент Эрдўғон Қуддусдаги хунрезликларни тўхтатиш йўлини айтди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат халқига мурожаатида муҳим масалалар қаторида Фаластин–Исроил зиддияти, хусусан, Қуддус шаҳрининг мақоми борасида фикр билдирди.
Қайд этилишича, Усмонийлар салтанати даврида Қуддуси шарифда ислом, яҳудий ҳамда насроний дини вакиллари аҳил-иноқ ҳаёт кечирган, диний арконларини эмин-эркин адо этган. Президент Эрдўғон ушбу тарихий тажрибага таяниб муқаддас шаҳарни уч дин вакиллари идора этиши энг мақбул йўл эканини таъкидлади.
«Акс ҳолда ушбу кўҳна шаҳарда тинчликка эришиш амримаҳол. Дунё кўплаб мудҳиш ихтилофлар, вайронкорликлар, Қуддусда портлаётган бомбалардан тўкилаётган қонлар уммонига шоҳид. Ҳозирги вазиятда таҳдидни бартараф этишнинг энг тезкор ва самарали йўли биз таклиф этаётганимиздек, Қуддусга янги бошқарув мақомини беришдир», – деди Туркия раҳбари.
Маълум бўлишича, президент Эрдўғон ушбу таклиф борасида Рим папаси Франциск билан мулоқот қилган.
Туркия етакчиси мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойида ҳам зўравонликни давом эттирган Исроилни террорчи давлат деб атаган. Шу билан бирга, у маъсум болалар, бегуноҳ тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлаётган, фаластинлик оилаларни бошпанасидан маҳрум этаётган ва мусулмонларнинг мўътабар масканларини оёқости қилаётганларни кескин қоралаган. Айни чоқда, Туркия раҳбари Фаластин–Исроил зиддиятида бир томонлама Исроил манфаатларини ҳимоя қилаётган АҚШлик ҳамкасби Жо Байденни ҳам танқид қилган.
Президент Эрдўғон Қуддусни ҳимоя қилиш асосий вазифа бўлиб қолишини таъкидлаган.
Қуддус – ислом, яҳудий ҳамда насроний дини вакилларининг муқаддас шаҳри саналади. 1967 йили Олти кунлик урушда Исроил Шарқий Қуддусни босиб олган. 1980 йили Исроил парламенти Қуддусни яхлит ҳолда мамлакат пойтахти деб эълон қилган. Мазкур қарор БМТ ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган. Хусусан, 1980 йили БМТ Хавфсизлик кенгаши Қуддуснинг Исроил пойтахти деб эълон қилингани хусусидаги қарорни ноқонуний деб топган. 2016 йилнинг 23 декабрида БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроилнинг Фаластин ҳудудларида, жумладан, Шарқий Қуддусда тураржой биноларини қуришни тўхтатиши лозимлиги ҳақида резолюция қабул қилган. Аммо Исроил маъмурияти халқаро ҳамжамият талабига зид равишда Шарқий Қуддусда ноқонуний қурилишларни давом эттирмоқда. Вазият ўта мураккаб экани ва йирик давлатлар Исроил томонидан эканига қарамай, фаластинликлар Шарқий Қуддус мустақил давлатнинг бўлғуси пойтахти бўлишига ҳамон умид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Фаластин–Исроил зиддияти сўнгги ҳафталарда яна қайта авж олди. Исроил авиаҳужумлари оқибатида Ғазо секторида 212 киши, жумладан, 100 нафар аёллар ва болалар ҳалок бўлган. Исроил томонидан эса 12 киши қурбон бўлган.
Қадр кечасида Исроил ҳарбийларининг Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши ҳам мусулмон оламида кескин эътироз ва норозилик уйғотди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter