Озарбайжонда амалдаги президент ваколати тугамай туриб навбатдан ташқари сайлов бўлиб ўтади
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев навбатдан ташқари президентлик сайловини 2024 йил 7 февралга белгилаш тўғрисидаги фармойишни имзолади, деб хабар бермоқда «Report» агентлиги.
Марказий сайлов комиссиясига сайловнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилишини таъминлаш вазифаси юкланди.
Озарбайжон конституциясига кўра, мамлакат президенти етти йиллик муддатга сайланади. Алиевнинг давлат раҳбари сифатидаги амалдаги муддати 2025 йилнинг апрелида — президентлик сайлови бўлиб ўтиши керак бўлган пайтда тугайди.
Мамлакатда 2018 йил апрель ойида бўлиб ўтган сўнгги президентлик сайлови ҳам навбатдан ташқари ўтказилган.
Turan агентлигига берган муносабатида «Yeni Azərbaycan» ҳукмрон партияси аъзоси, депутат Нагиф Гамзаев навбатдан ташқари президентлик сайловини ўтказиш зарурати минтақадаги «турфа хил ва тезлашган жараёнлар» фонида пайдо бўлганини, бу эса «тезкор қадамлар»ни талаб қилганини айтган.
Мухолифатчи «Мусават» партияси раҳбари Ориф Ҳожилининг бу фикрга қарши чиқиб, одатда мамлакатда инқирозли вазият юзага келганда навбатдан ташқари парламент ёки президентлик сайловлари ўтказилиши, бироқ «ҳозирда Озарбайжонда сиёсий инқироз кузатилмаётганини» таъкидлаган. Унинг қўшимча қилишича, сайловгача бўлган икки ойлик муддат сайлов кампаниясини ўтказиш учун жуда қисқа вақт ҳисобланади.
«BBC» рус хизматининг қайд этишича, Озарбайжонга 20 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётган Алиевнинг ўзи ҳалигача бу қарори сабабини тушунтирмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter