Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олимлар 17 минг COVID бемори ўлимини гидроксихлорохин билан боғлади. Ўзбекистон ҳам бу доридан кенг фойдаланганди

Олимлар 17 минг COVID бемори ўлимини гидроксихлорохин билан боғлади. Ўзбекистон ҳам бу доридан кенг фойдаланганди

Олимларнинг фикрича, COVID пандемиясининг бошида беморларга гидроксихлорохин буюрилган ва бу олтита мамлакатда деярли 17 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу дори самарасини қаттиқ ҳимоя қилиб чиққанди.

Олтита давлатда – Франция, Бельгия, Италия, Испания, Туркия ва АҚШда 16,9 мингга яқин одам коронавирус пандемиясининг биринчи тўлқини даврида гидроксихлорохин препаратини қабул қилиш оқибатида ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Француз тадқиқотчилари шундай хулосага келишди. Уларнинг тадқиқот натижалари Biomedicine & Pharmacotherapy журналида чоп этилди.

Олимларнинг таъкидлашича, гидроксихлорохин «унинг клиник фойдасини тасдиқловчи далиллар йўқлигига қарамай» буюрилган. 2021 йилда Nature журналида чоп этилган ҳисоб-китобларга кўра, гидроксихлорохиндан фойдаланиш юрак ритмининг бузилиши ва бошқа ножўя таъсирлар туфайли ўлимни 11 фоизга оширган. Ўлганлар сони сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин, чунки тадқиқот фақат гидроксихлорохин энг кўп буюрилган 2020 йилнинг мартидан июлигача бўлган даврни қамраб олади.

ЖССТ 2020 йил июнь ойида баъзи беморларда юрак билан боғлиқ муаммолар аниқланганидан кейин гидроксихлорохинни COVIDни даволаш воситаси сифатида синовдан ўтказишни тўхтатди. АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам безгакка қарши гидроксихлорохин ва хлорохиннинг фавқулодда фойдаланишга рухсатини бекор қилди, чунки мутахассислар улар хавфли ён таъсирга эга бўлиши мумкинлигини аниқлагандилар.

Ўзбекистонда ССВ томонидан 2020 йилнинг август ойида эълон қилинган коронавирусни даволашда қўлланилаётган дорилар рўйхатида гидроксихлорохин бор эди.

2020 йилнинг охирларига келиб Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги дунё бўйича даволашдаги самараси исботини топмаган, профилактика бўйича эса бирор тадқиқот якунига етмаган гидроксихлорохин препаратини яна катта ҳажмда сотиб олади. Нафақат сотиб олади, балки мажбурий тартибда талабалар ва ОТМ ўқитувчилари учун сота бошлайди. 

ССВ вакили вазирликлар қўшма қарори талабалар ва педагоглар саломатлигини ўйлаб қабул қилинганини айтади. 

Ўзбекистонлик мутахассис Клара Ёдгорова гидроксихлорохиннинг самарасиз экани ҳақида ТВ-кўрсатувда фикр билдиргани учун эса таҳдидларга учрайди.

Ушбу дори воситаси атрофидаги маш-машмашалар бошланган вақтда ўтказилган анжуманда АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов Ўзбекистонда 12 мингга яқин коронавирусга чалинган беморлар «Плаквенил» (гидроксихлорохин) дориси билан даволанганини қайд этганди. 

Тошкент тиббиёт академияси ректори, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов АҚШ президенти мақтовидан кейин гидроксихлорохинни сотиб олиш бошланганини эслаганди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг