Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Молдова 2024 йил охиригача МДҲдан чиқмоқчи

Молдова 2024 йил охиригача МДҲдан чиқмоқчи

Молдова 2024 йил охиригача Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) таркибидан чиқиш жараёнини якунлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат парламентидаги ташқи сиёсат ва Европа интеграцияси комиссияси раиси Дойна Герман маълум қилди, деб ёзади «Deutsche Welle».

Шу муддатга қадар мамлакат расмийлари МДҲ доирасида тузилган қолган барча келишувларни ҳам денонсация қилиш (бажаришдан бош тортиш) ниятида. Йил давомида Кишинёв аллақачон ўнлаб келишувлардан воз кечган. Ҳозирда Молдова МДҲнинг 330 га яқин битимлари иштирокчиси ҳисобланади.

«Биз 2024 йил охиригача ҳаммасини якунлашни мақсад қилганмиз, — деди Герман Молдованинг Exclusiv-TV телеканалига берган интервюсида. — Бу бироз кечикишлар бўлмайди, дегани эмас, лекин кўп жиҳатдан алоҳида вазирликларнинг деярли барча индивидуал баҳолари биз якуний босқичда эканимизни кўрсатмоқда».

Айни пайтда Молдова Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнида. Мамлакат 2022 йилнинг февраль ойи охирида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг, Украина билан бирга Евроиттифоққа қўшилиш учун ариза берди.

2022 йил июнь ойида ЕИ мамлакатга худди Украина каби номзод мақомини берди ва 2023 йил охирида иккала давлат билан иттифоққа қабул қилиш бўйича музокараларни бошлашга қарор қилди.

Маълумот учун: МДҲ 1991 йил 8 декабрда тузилган. Бугунги кунда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ташкилот аъзолари ҳисобланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг