Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Мен овқатланганда ва ҳожатга чиққанимдагина уйғоқ бўлардим»

«Мен овқатланганда ва ҳожатга чиққанимдагина уйғоқ бўлардим»

Фото: «Лента»

Америкалик Даг Линдсей онасидан камдан-кам учровчи касалликни мерос қилиб олди. Мазкур дард ҳатто шифокорларни ҳам ўйлантириб қўйди. Йигит йиллаб каравотидан туролмаган бўлса-да, умидсизликка тушмади, аксинча, ўзини қўлга олиб, тузалиш йўлларини излади. Орадан 11 йил ўтиб, у бунинг уддасидан чиқди. Линдсей ўзига-ўзи тўғри ташхис қўйиб, жарроҳлик режасини тузди ва яна ҳаётга қайта олди, деб ёзади «Лента».

Мерос

Даг Линдсей ўзининг уйида

Даг Линдсей бир ярим яшар пайтида унинг онаси деярли кучдан қолганди. Ҳатто бола парваришига ҳам ярамасди — бечора аёл уй ичида зўрға ҳаракатланарди. Болакай 4 ёшга тўлганида эса онаси умуман юрмай қўйди.

Бир куни аёл мажбурлигидан базўр оёққа турди: ўшанда кичкинтой Даг сақичга ўхшаш конфетга тиқилиб, кўкара бошлаганди.

Сирли дард Линдсейнинг онасини бир умрга тўшакка михлаб қўйди. Йиллаб олиб борилган текширувлар ва шифокорлар хулосаси касаллик қалқонсимон бездаги қандайдир муаммолар билан боғлиқлигини кўрсатарди. Бироқ аёлнинг штатдаги катта-катта шифохоналарга боришга умуман мадори йўқ эди.

Кўп ўтмай бу дард Линдсейнинг холасига ҳам ёпишди. Қувватсизликдан у ҳатто пойабзалининг ипини ҳам боғлолмасди.

Улғаяётган Дагни ҳам айрим саволлар ўйлантира бошлади: яқинлари ҳаётини бузган, ҳаракатнинг сусайиб бориши билан кечувчи бу дард унга ҳам хавф солмайдими?

1999 йил у бу саволига жавоб олди. Миссури штатидаги Рокхерст коллежининг охирги босқич талабаси – 21 ёшни қаршилаш арафасида турган Даг биринчи кундаги дарсдан уйига қайтгач, кутилмаганда ошхонадаги стол устига йиқилди. Онадан мерос хасталик энди унга ёпишганди.

Ҳаёт учун ажратилган икки соат вақт

«Ўша куни кечқурун онамга телефон қилиб, ўқишни ташлашим кераклигини айтдим. Бунинг сабаби иккимизга ҳам маълум эди», — дейди Линдсей.

Йигит тезлашган юрак уриши, сурункали ҳолдан тойиш ва бош айланишидан шикоят қила бошлади. Унинг оиласига яхши таниш бўлган бу симптомлар жуда тез ривожланди. Кўп ўтмай Даг кўчага чиқолмай қолди. Бир кун олдин у уйи ичида 15 метрча юриб, зўрға бир неча дақиқа тик тура олди холос.

1999 йилнинг кузида Даг суткасига 22 соатлаб тўшакда ётди. «Мен овқатланганда ва ҳожатга чиққанимдагина уйғоқ бўлардим», — дея эслайди у. Йигит яқинларининг тузалиш учун омадсиз уринишларини билгани боис касалликка қарши ўзи мустақил курашишга аҳд қилди.

Америкалик эндокринолог, невролог ва ички аъзолар касалликлари бўйича мутахассислар кўригидан ўтди. Бироқ медиклар елкаларини қисганча, аниқ бир ташхис қўйиша олмади. Натижада уни психиатрга йўналтиришди.

Линдсей энди дардини ўзи китоблар ёрдамида ўрганишга қарор қилди. Коллежда ўқиб юрган пайтларидаёқ онасига нима бўлаётганини билиш учун ахлат челагида ётган эндокринология бўйича қалин бир дарсликни топиб олганди. У китобда муҳим бир фактни ўқиб қолади: ошқозоности безидаги муаммолар кўпинча қалқонсимон безлар дисфункцияси асорати сифатида келади.

Бир қанча тиббий китобларни ўқиб-ўрганган Даг шундай хулосага келади: вегетатив нерв тизимининг айрим касалликлари докторлар ўрганган хасталиклардан бошқача бўлиб чиқиши мумкин.

Яқинлар жавоби

Даг Линдсей ўз касаллигини олимлар олдида презентация қиляпти

Йигитча ўзига компьютер сотиб олади ва уни каравоти ёнига ўрнатиб, ҳар куни интернетда қидирувни давом эттиради. Кўп ўтмай у миллий фонд сайтида вегетатив нерв тизимининг бузилиши бўйича ўтказилган тадқиқотга дуч келади. Унда экспертлар айнан унинг оиласи азият чекаётган бузилишни ўрганишганди. Даг улардан бу соҳадаги янги ихтиролар ҳақидаги адабиётларни сўрайди.

Бироқ фонд ўрганган касалликлардан бирортаси Линдсейда кечаётган симптомларга мос келмади. Шунда у тиббиётда жуда кам учрайдиган бу хасталикни ўрганишга қизиқадиган бирорта олимни жалб этишга ва тузалиш йўлини топишга аҳд қилади.

Даг 2002 йилда ҳар йили ўтказилувчи вегетатив нерв тизимидаги муаммолар муҳокамасига бағишланган конференцияда қатнашмоқчи бўлади. Жанубий Каролина штатида жойлашган Хилтон-Хед-Айленд шаҳридаги илмий форумда иштирок этиш учун у самолётдаги ўриндиқларнинг битта қаторини сотиб олиб, бутун парвоз давомида ётиб кетади.

Линдсей саҳнага ногиронлар аравасида чиқади. У олимлар олдида шу пайтгача ўрганилмаган касаллиги ҳақида чиқиш қилади. Даг илмий тадқиқот ўтказиш майдони сифатида ўз танасини таклиф этади.

Олимларнинг кўпчилиги, жумладан, Гарвард университети докторлари, АҚШ соғлиқни сақлаш миллий институти ва Кливленд клиникаси ходимлари Даг илгари сурган фаразларни ёқлашмади. Унинг кам қайд этилувчи касаллик ҳақидаги фикрлари кўп йиллик тажрибага эга ва илмли мутахассисларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Иттифоқдош

Даг Линдсей профессор Коглан билан

Шунга қарамай, унинг гаплари битта тадқиқотчида қизиқиш уйғотди. Тақдимотдан сўнг Линдсейнинг ёнига Сесил Коглан — Алабама штатидаги Бирмингем университети профессори, тиббиёт фанлари доктори келади. У йигитнинг касаллигини ўрганишга рози эканини билдиради. Шу тариқа тўшакка боғланиб қолган америкаликнинг иттифоқдоши пайдо бўлади.

2004 йил Дагни дўсти Бирмингемдан 800 км узоқликда жойлашган ижарага олинган уйга олиб боради. Линдсей профессор Когланга ўз ўрганганларини етказишни сабрсизлик билан кутарди.

Даг шундай хулосага келди, унинг танаси ҳаддан ташқари кўп адреналин ишлаб чиқаряпти. У артериал босими кўтарилиб кетадиган беморларга ёзиладиган дорини ҳам ўрганди. Бу препарат таркибида ноадреналин мавжуд. Линдсей агар бу нейромедиаторни кўп миқдорда қабул қилса, танасидаги ортиқча адреналин компенсация қилинади деган қарорга келди.

Линдсей Когланни мана шу дорини қабул қилиши кераклигига кўндирди. Охирги 6 йил давомида у ноадреналинни мунтазам капельница кўринишида олди ва унинг аҳволи кун сайин яхшиланиб борди. Мазкур дори шарофати билан йигит уй бўйлаб ҳаракатланиш ва юмушларни бажариш бахтини туйди.

Эндиликда профессор ва мижоз олдида яна бир савол кўндаланг турарди: Дагнинг қонига шунча адреналин қаердан тўпланяпти?

«Биз жавоб топдик!»

Даг Линдсей

Коглан бунинг сабаби буйрак усти безидаги ўсма билан боғлиқ бўлиши мумкин деган тахминга келди. Бироқ ўтказилган текширувлар бу ташхисни тасдиқламади. Линдсей яна тиббий адабиётларни титкилашга тушди ва ҳатто тиббиёт ходимларини ҳам шошириб қўядиган хулосага келди.

Даг унинг буйрак усти безида ўсма йўқ бўлса-да, нимадир ўзини ўсмадек тутаётганини тушунди. Бу ташхисни тасдиқлаш учун у яна бир бор текширувлардан ўтди.

Унинг тахмини тасдиқланди — буйрак усти безидаги мия моддаси аномал даражада катталашганди. Йигит ўзининг ақл бовар қилмас ташхиси туфайли шифокорларни ҳайратга солди — буйрак усти бези мия моддасининг икки томонлама гиперплазияси — яъни тўқималарнинг ўсиб кетиши.

Текширув жавоблари чиққан заҳоти Коглан Линдсейга қўнғироқ қилди ва шундай деди: «Биз жавоб топдик!»

Экспертлар Коглан ва унинг мижози хулосасига ишонқирамай муносабат билдиришди. Аммо профессор ўз обрўсини хавфга қўйиб, Дагни қўллаб-қувватлашда давом этди.

Назариядан амалиётга қараб

Тиббиётга доир бир қанча китобларни титкилаб чиққан Даг ўз дардига доир 32 та ҳолатни топди. Даволаш у учун элементардек туюлди: бунинг учун буйрак усти безидаги мия оқсилини кесиб олиб ташлаш керак, холос.

Линдсейнинг даволовчи шифокори — Крис Бауэр — мижозидаги касаллик шунчалик кам учраганидан ҳатто тиббий адабиётларда ҳам бирорта амалий тавсиялар йўқлигини тасдиқлайди.

— Биз бу касалликни Даг билан бирга ўргандик, — дея тан олади Бауэр.

Илгари бу турдаги жарроҳлик амалиёти ўтказилмагани учун америкалик уни ўзида синаб кўришга аҳд қилди. У 2008 йили бундан 28 йил аввал олиб борилган тадқиқотни топади. Ўшанда Жоржия штати давлат университети олими каламушнинг буйрак усти безини операция қилганди.

— Буйрак усти безини лезвия ёрдамида кесинг ва то мия моддаси ҳуснбузар ёки яллиғланган ғудда сингари ташқарига чиқарилмагунча сиқинг, — деб ёзади у.

Кейинроқ Даг бошқа қайдларни ҳам излаб топади, бунда олимлар кучук билан мушуклар буйрак усти безидаги мия моддасини чиқариб ташлаш синовини ўтказишганди.

Америкалик топилган материалларни таҳлил қилиб, 323 бетлик қўлланма тузди. У инсоннинг буйрак усти безини қандай операция қилиш ҳақида эди.

Илмий тажриба

Даг Линдсей «TED Talks» конференциясида нутқ сўзлаяпти

Энг қийин иш қолди — бундай операцияни ўтказишга журъати етадиган тажрибали жарроҳ топиш. У ярим йил мутахассис излади. Кўп шифокорлар лицензиясидан айрилиб қолишдан чўчиб, бу ишга қўл уришни исташмади.

Ниҳоят, Линдсей Бирмингем университетидаги бир жарроҳни кўндиришга муяссар бўлди.

2010 йилнинг сентябрида Даг университет шифохонасига келтирилди ва битта буйрак усти бези операцияси муваффақиятли ўтди. Уч ҳафта ўтар-ўтмас йигит стулда уч соатгача ўтира оладиган бўлди. Рождествогача америкаликнинг саломатлиги шунчалик тикландики, у ҳатто ибодатхонагача бўлган ярим километрлик масофани босиб ўтди. У ярим тундаги ибодатида, ниҳоят, енгилмас дардига жавоб зарбасини бера олганидан қувонди.

Орадан 2 йил ўтиб, Линдсей Сент-Луис хусусий тадқиқот университетида иккинчи операцияни бошдан кечиради. Бу сафар ҳам жарроҳлар иккинчи буйрак усти безидаги мия моддасини омадли олиб ташлашга муваффақ бўлишди. Мижоз тез тузала бошлади.

Янги ҳаёт

2013 йил Даг дўстлари билан Багама оролларига саёҳатга жўнади. Кейинги йилнинг бошларида эса бир қанча дориларидан воз кечди.

Унинг васийси ва ёрдамчиси профессор Коглан эса Линдсейнинг фантастик соғайишига гувоҳ бўлди. Олим 2015 йил вафот этди. Дагнинг онасини биринчи операцияга ҳам олишмади, чунки аёл мутлақ кучдан қолганди. У 2016 йил оламдан ўтди.

Шу йили Даг Рокхерст коллежининг бакалавр босқичини тамомлади. У аввалгидек ота-онасининг уйида яшайди ва ҳар куни дориларини ичиб туради. Йигитнинг саломатлиги идеал даражада бўлмаса-да, лекин ҳаётини тубдан ўзгартиришга эришди.

— Энди мен дунё бўйлаб саёҳат қилишим ва ўз билимимни ҳамма билан ўртоқлашишим мумкин. Мен дунёни яхши томонга ўзгартира оламан, — дейди Линдсей. У ўз ҳаётини «TED Talks» маърузаларида бот-бот эслайди.

Даг Стэндфорд ва Гарвард сингари университетларда ўтказиладиган саломатлик ва тиббиёт билан боғлиқ концеренцияларда ўз чиқишлари билан доимий қатнашади. Шифокорлар ундан кам учровчи ва оғир кечувчи касалликларни даволашда маслаҳатлар олишади.

— Бир пайтлар одамлар менга ёрдам беришганди. Энди менинг навбатим…, — дейди Даг жилмайиб.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг