Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мексика кўчалари наркокартелга қарши жанг майдонига айланди (видео)

Мексика кўчалари наркокартелга қарши жанг майдонига айланди (видео)

Мексиканинг Синалоа штатида наркокартелга қарши жанг қарийб бир сутка давом этди. Жиноий тўда «Эл Чапо» лақабли наркобарон Ҳоакин Гусманнинг ўғлини қамоқдан чиқариш учун келганди.

Синалоа картелининг юқори турувчи аъзоси Овидио Гусман (Ҳоакин Гусманнинг ўғли) Мексика полицияси томонидан кеча, пайшанба куни ҳибсга олинганди. У қамоққа ташланиши биланоқ ҳукумат, полиция ва картел аъзолари ўртасидаги тўқнашув эҳтимолини назарда тутиб, аҳолини кўчага чиқмай туришга чақирди. Хавотир асосли эди, кўп ўтмай кўчаларни отишма овозлари ларзага келтирди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ёнаётган юк машиналарини кўриш, Кулякана (Синалоа штати маркази) аэропорти томонидан эса тинмай ўқ овозлари эшитилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Пайшанба куни аэропорт деярли очилмади. Шу куни Куляканадаги мактаблар, давлат идоралари ишламади, деб ёзди CNN.

Синалоа штати губернатори баёнот беришича, тўқнашувларда 27 киши жароҳатланган. Маҳаллий ОАВ 250 та автомобил ўғирлаб, ёқиб юборилгани, 18 та кўча беркилгани, қолаверса, Мексика ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита вертолёти ўққа тутилгани, ҳарбийларнинг транспорт самолётида қўниш пайтида ўт чиққани ҳақида ёзди.

Кўчалардаги тартибсизликдан фойдаланган майда безорилар дўконлар ва савдо марказларига босқин уюштирган. 

«Эл Чапо»нинг ўғли Мексикага АҚШ президенти Жо Байден ҳамда Канада бош вазири Жастин Трюдо ташрифига бир неча кун қолганида ҳибсга олинди. Мексика Шимолий Америка давлатлари етакчилари саммитига мезбонлик қилади. Кичик-Гусманни қамоқа тиқиш орқали Мексика президенти Лукас Обрадор «у қуролли кучларни ва мамлакатда хавфсизлик бўйича вазиятни назорат қилаётганини» АҚШга кўрсатмоқчи бўлди, деб ёзди Сиракюз университети доценти, Мексика-АҚШ муносабатлари бўйича мутахассис Глэдис Маккормик.

Мексика шимоли-ғарбида жойлашган Синалоа штатида худди шу ном остида жаҳондаги наркотиклар савдосида энг кучлилардан саналган картел фаолият олиб боради. Синалоа картели тўдабошиси 2020 йилда АҚШда бир умрга қамалишига қадар Ҳоакин Гусман «Эл Чапо» («Пакана») бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг